Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун қандай ишларни амалга оширмоқда?
16:53 / 2023-09-08

Президентимизнинг 2023 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бугунги куннинг муҳим масалаларидан.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияси, музокаралар гуруҳи ва вазирлик ва идораларда ташкил этилган бўлинмалар фаолияти бу борада алоҳида аҳамият касб этади.

Хўш, ЖСТ қандай ташкилот ва унга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун нима беради?

Таъкидлаш керакки, ЖСТ халқаро савдони либераллаштириш, савдо ва сиёсий муносабатларни тартибга солиш билан шуғулланадиган ҳукуматлараро ташкилотдир. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 164 давлат аъзо бўлган. Албатта, ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ўзига хос жараён бўлиб, зарур талаб-тамойиллар асосида амалга оширилади. Аъзо бўлишнинг ижобий жиҳатлари шундаки, унда аввало иқтисодий манфаат асосий бўлиб, тўсиқларсиз ўзаро маҳсулот айирбошлашга эришилади. Ҳалқнинг турмуш даражасини яхшилаш, миллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бюджетга пул тушумларини кўпайтириш каби муҳим омилларга ижобий таъсир этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз борди.  

Тегишли вазирлик-идоралар масъуллари иштирок этган тадбирда  “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида вазирлик ва идоралар масъуллари учун қишлоқ хўжалиги масалалари” мавзуида билим ва кўникмалар алмашилди. 

[gallery-13488]

Ҳафталикнинг очилишида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти котибиятининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича эксперти Дивакар Диксит мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш борасида ЖСТга тақдим этиладиган маълумотларни ташкилот ва Қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги битим талабларига мувофиқ шакллантиришда халқаро тажриба муҳимлигини қайд этди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Айни бу жараёнда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ташкилот талабларига мос ҳолга келтириш муҳим ҳисобланади. Ушбу семинарда эксперт Дикавар Дикситнинг билим ва тажрибаси бу борада амалий ёрдам беради.  

Семинарда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва экспорт субсидиялари тўғрисидаги маълумотларни ташкилот котибиятига 2004 йилда Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга қўшилиш бўйича Ишчи гуруҳининг иккинчи йиғилиши арафасида тақдим этган.  2021 йилда Ўзбекистон томони ЖСТ Котибиятига халқаро экспертлар билан ҳамкорликда тайёрланган 2016–2018 йилларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва экспорт субсидиялари бўйича янгиланган маълумотлар, шунингдек, қўшимча статистик жадвалларни тақдим қилган.  

Жорий йил март ойида бўлиб ўтган кўп томонлама музокараларда ЖСТга мамлакатлар томонидан Ўзбекистон Республикасида 2020–2022 йилларда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш зарурлиги маълум қилинган. Ҳозирда мазкур маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан қайта шакллантирилмоқда.

–Ушбу тадбир ўзбек мутахассисларининг малакаси ва салоҳиятни  оширишга қаратилган, – деди Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ЖСТ  билан ишлаш бўйича бошқармаси бош мутахассиси Мирсодиқ Мираҳмедов. – Мисол учун, бу ойда шу каби яна учта тадбир ташкил этилади. Бугунги муқокама мавзуи қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишланган. Мақсад ушбу йўналишда Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳининг тажрибасини оширишдир. Семинардан олинган билим ва кўникма ЖСТга аъзо мамлакатларнинг экспертлари билан музокараларга киришишда қўл келади.  

Насиба Зиёдуллаева, Муродхон Хўжаев(сурат), ЎзА мухбири