Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва иқтисодий фаоллиги янги босқичга кўтарилди. Мамлакатнинг дунё майдонидаги нуфузи ортиб, етакчи давлатлар билан мувозанатли ва прагматик ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бу жараён нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий тизимга чуқурроқ интеграцияни ҳам назарда тутади.
Шу йўналишдаги муҳим босқичлардан бири — Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзолик жараёнидир. Ўзбекистон бугунги кунда мазкур ташкилотга қўшилиш бўйича фаол музокаралар олиб бориб, финиш чизиғига яқинлашмоқда.
ЖСТ бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус вакили Азизбек Ўруновнинг маълум қилишича, мамлакатимиз Канада ва Панама билан музокараларни якунлади. Унинг таъкидлашича, аъзоликка эришиш учун фақат учта давлат билан музокаралар қолган, холос.

Бу натижа Ўзбекистоннинг халқаро савдо тизимидаги очиқлик, барқарорлик ва қонун устуворлигига таянаётган сиёсатининг самараси ҳисобланади. Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва рақобатбардош иқтисодий тузилма яратиш орқали ЖСТ талабларига мос тизим яратиш йўлида изчил қадамлар ташламоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги прагматик ёндашуви фақат иқтисодий соҳалар билан чекланмайди. Мамлакат АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари билан «C5+1» формати доирасидаги мулоқотларда фаол иштирок этмоқда. Бу формат хавфсизлик, “яшил” энергетика, транспорт ва рақамли иқтисодиёт каби соҳаларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
АҚШ Ўзбекистонни минтақа учун барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим ҳамкор сифатида кўради. Мамлакатимизда америкалик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар сони 300 тадан ошган, USAID, DFC ва USTDA каби агентликлар билан йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
ЖСТга аъзолик эса ушбу тенденцияларни янада мустаҳкамлайди. Ўзбекистонга халқаро савдо майдонида тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида янги имкониятлар эшигини очади. Бу мамлакатнинг дунё иқтисодиётига интеграция жараёнини тезлаштириб, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқаришни енгиллаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, ЖСТга аъзолик сари яқинлашиш бу нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва дипломатик соҳадаги катта ютуқдир. Бу қадам мамлакатнинг халқаро нуфузини янада ошириб, дунё ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини мустаҳкамлайди.
Б.Худойбердиев, ЎзА