Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – ижтимоий давлат
15:23 / 2023-12-01

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Инсоният тўхтовсиз давом этувчи глобаллашув жараёнида ижобий натижаларга эришиш учун олдинга қўйилган мақсадлар йўлини аниқ белгиловчи тизимли талабларга эҳтиёж сезади.  

Бу борада бир шахсдан бутун бир жамият, давлат манфаатларигача бўлган улкан қамровни ўзида мужассамлаштирган қоидалар мажмуининг мавжудлиги эса мақсадларга эришиш йўлида ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди. Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, улар сони 128 тадан 155 тага ошди, нормалар сони 275 тадан 434 тага кўпайди, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланди.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий  асосларини  яратиб,  миллий  давлатчилик  тараққиётининг  тарихий  муҳим  босқичида  давлат  ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги   белгилаб   берилди,   ижтимоий   адолат, инсон   ҳуқуқ   ва эркинликларини  ҳимоя  қилишнинг  мутлақо янги  механизмини  назарда  тутувчи  конституциявий асослар мустаҳкамланди. Тарихимизда илк бора Ўзбекистон  ижтимоий давлат сифатида белгиланди. Яъни инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланди.

Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланди. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар сони 3 баробар кўпайди.  

Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топди. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан зиёдга ошди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш қонунларимизнинг мазмуни, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг устувор мақсадига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди.  

Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Яъни шахснинг суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддатда ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”),  шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланди.

Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди. Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституция  умумхалқ муҳокамасидан ўтган тарихий ҳужжатдир. У “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Салоҳиддин Саттаров,

Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи.

ЎзА