Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида ёшларнинг барча жабҳадаги ҳуқуқларини таъминлаш кафолатини олмоқда
17:13 / 2023-04-08

БЕФАРҚ ЭМАСМАН

Айтиш жоизки, ёшлик ва тараққиёт тушунчаси ўзаро уйғун келганда, жамиятда мутлақо янги қарашлар ҳамда орзу-умидлар уйғонади. Бугун юртимизда шундай янгиланиш даври кечмоқда. Шу қутлуғ кунларда халқимиз янгиланиш даврининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини замон талабига мослаштириш остонасида турибди. Бу – Конституциямизнинг янги таҳририни қабул қилиш жараёни.

Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борганида, унинг ҳар бир моддаси, янги ҳаёт руҳи сингдирилган нормалари ҳақида узоқ гапириш мумкин бўлади. Шу аснода ёшлар сиёсатига доир муҳим жиҳатлар ҳақида сўз юритсак.

Амалдаги Конституциямизнинг Оила, болалар ва ёшлар, деб номланган боби янги модда билан бойиди. Бу – 79-модда. Унда «Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади», дейилган.

Бу модда ёшлар ҳаётини ўзгартириш учун нима беради? Аввало, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида ёшларнинг барча жабҳадаги ҳуқуқларини таъминлаш кафолатини олмоқда. Биргина мана шу принципнинг ўзи мамлакат ёшлари ҳаётини ўзгартириб юборувчи, бугунги ва эртанги фаровонлик асосини яратувчи механизм сифатида бўй кўрсатади.

Буни уч муҳим жиҳатда кўриш мумкин. Биринчидан, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий жабҳадаги ҳуқуқлари кафолатланиши жамиятда ўзаро мутаносиблик ҳодисасига асос бўлади. Масалан, шахсий ҳуқуқни олайлик. Шахсий ҳуқуқ нима? Бу – яшаш ва шахсий дахлсизлик, эркин ҳаракатланиш, фикр ва сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги каби ҳуқуқлардир. Демак, шахсий ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниши жамиятда мустақиллик, креатив ва озод фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш имконини беради. Бундай ёшлар билан мамлакат тараққиёти таъминланиши шубҳасиз.

Сиёсий ҳуқуқ-чи? Сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар инсоннинг мамлакат ҳаёти ва уни бошқариш ишларига фаол жалб этилишига қаратилган. Улар инсон ва жамият, фуқаро ва жамият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун шароитлар яратади. Сиёсий ҳуқуқлардан бири сифатида жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини келтириш мумкин. Шу маънода ёшларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланиши давлат бошқарувида янги мезонлар асосида халқчил ислоҳотлар тизимини кафолатли давом эттириш имконини беради.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, «Инсон қадри учун» тамойили йўлида янги ғоя ва мақсадларни ёшлик қуввати билан амалга ошириш учун кенг йўл очади, имкониятлар туғдиради.

Учинчидан, янги моддада йигит-қизларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши ҳам кўзда тутилмоқдаки, бу ҳам мамлакатимиз ёшлари учун тарихий воқелик саналади. Нимаси билан, деган савол туғилса, айтиш жоизки, ёш авлодни ҳам интеллектуал, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб тарбиялаш, уларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўрни ва уй-жой билан таъминлаш кафолати ҳалигача Ўзбекистон тарихида бўлмаган.

Эътибор берсак, ёшлар учун конституциявий даража яратилаётган имконият ва шароитлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва ғоят уйғундир. Масалан, жисмоний соғлом одамнинг интеллектуал ривожланиш учун имкони ва хоҳиши бўлади, интеллектуал жиҳатдан ривожланган кишида эса ахлоқий фазилатлар шаклланади, маънавий юксалиш кузатилади. Бу уч муҳим жиҳатни сифат қилиб олган ёшларда эса давлат, жамият, яъни халқ учун виждонан, ҳалол хизмат қилиш истаги жўш уради.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз том маънода ёшлар ҳаётини ўзгартириб юборувчи мустаҳкам бош ҳуқуқий ҳужжат сифатида такомилига етган бўлса, унинг замирида Янги Ўзбекистондаги катта бунёдкорликлар бундан кейин ҳам бардавом бўлишини, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганининг конституциявий асосларини кўришимиз мумкин.

Шу боис ҳам 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида барчани, хусусан, ёшларимизни фаол иштирок этишга, порлоқ ва кафолатли келажак учун овоз беришга чақириб қоламиз.

Валихан АНАШОВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт

университети Яккакураш спорт турлари

факультети декани