Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – ITFC: томонлар ўртасида умумий қиймати 700 миллион долларлик битимлар имзоланди
17:22 / 2024-03-05

Шу кунларда Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) бош ижрочи директори Ҳани Салем Сонбол бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида ўтказилган Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг йиғилишида иштирок этди. Шунингдек, меҳмон томон ҳамда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, банклари, халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида қатор учрашувлар ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида ташкил этилган учрашув улардан бири. 

Учрашув доирасида томонлар 2024-2026 йилларга мўлжалланган 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битим имзолади. Унга кўра, савдо ва бизнесни ривожлантириш, зарур товарлар, маҳсулотлар импортини молиялаштириш, давлат корхоналарини давлат кафолати билан ёки давлат кафолатисиз молиялаштиришни кенгайтириш, хусусий сектор мижозларининг савдони молиялаштиришга бўлган эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий банклар ва бошқа молия институтларини молиялаштириш линиясини тақдим этиш каби қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Шунингдек, ушбу куннинг иккинчи ярмида Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) бош ижрочи директори Ҳани Салем Сонбол бошчилигидаги делегация Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ҳам бўлди. Томонлар ўртасида ўтказилган ушбу учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. 

[gallery-16231]

Учрашувда вазирлик ва ITFC ўртасида “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасига асосан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида “Мурабаҳа” молиялаштириш битими ва агентлик келишуви имзоланди. 

Мазкур битим Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Маблағлар 24 ойгача бўлган муддатга қулай шартларда икки траншда ажратилади. Ушбу маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш, мамлакат аграр секторининг барқарорлиги ва ривожланишини қўллаб-қувватлашга имкон беради. 

– Бугунги имзоланган келишувлар Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлайди, – деди ITFC бош ижрочи директори Ҳани Салем Сонбол. –Шу билан бирга, бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга интилишимиздан далолатдир. Ушбу ҳамкорлик лойиҳа ва дастурлар мамлакат иқтисодиётининг юксалишига ижобий ҳисса қўшади. Биз озиқ-овқат хавфсизлиги ва хусусий сектор каби асосий тармоқларни ривожлантиришда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. 

Маълумот ўрнида, Халқаро ислом савдо ва молия корпорацияси 2008 йилда ташкил этилган ва у Ислом тараққиёт банки гуруҳининг аъзоси ҳисобланади. Корпорациянинг асосий мақсади Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдони ривожлантиришдан иборатдир. 

Шу вақтга қадар ITFC Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларга 75 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган. 2018 йилда мазкур ташкилотнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлиги бошланган. 2019 йилда эса ITFC ва ўзбек томони ўртасида 4 йил муддатга 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳадли битим имзоланган. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА