French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Италия таълим ҳамкорлиги кенгаймоқда
13:59 / 2026-02-21

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темур Комилов Италияда ташкил этилган қатор халқаро ҳамкорлик учрашувларида иштирок этди.

Миланда мутахассислар иштирокида Ломбардия минтақаси таълим ва меҳнат вазири Симона Тирони билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида таълим соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, иқтидорли мактаб ўқувчиларини Google академиясининг қисқа муддатли таълим сафарларига юбориш лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Турин шаҳрида БМТ шафелигидаги Халқаро меҳнат ташкилоти учун кадрлар тайёрлаш халқаро маркази директори Андреас Клеммер билан музокаралар ўтказилди.

Мулоқот якунида вазирликнинг молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислари мазкур марказда малака ошириш курсларида иштирок этиши ҳамда махсус ўқув дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Рим шаҳрида SIOI президенти Риккардо Сесса билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида SIOI мутахассислари Римда ёш дипломатлар учун ташкил этилган курсларда иштирок этган ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг билим олишга бўлган юқори интилишини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон томони ташаббуси билан амалдаги келишувни кенгайтириш, шунингдек вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва олий таълим муассасаларининг халқаро алоқалар бўлимлари ходимлари учун қўшимча махсус курс ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари иккинчи Ўзбекистон–Италия ректорлар форуми доирасида Италиянинг нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Universite declined Studi Roma Tre ректори Массимилиано Фиоруччи билан мулоқот бўлиб ўтди.

Томонлар олий таълим муассасаларида педагогик таълим йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек бакалавриат босқичи учун қўшма (double degree) дастурларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Италия ўртасида таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро тажриба алмашиш ва ёшлар учун янги таълим имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА