Куни кеча Самарқандаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик марказида Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ушюмаси раҳбари, профессор Антонио Фаллико ва N.I.C.E. янги итальян фильмлари фестивали бош директори Вивиано дел Бианко ҳамда италиялик киношунос-профессорлар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази Ахборот хизмати маълум қилди.
Унда томонлар икки давлат ўртасида кинематография соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, музокора чоғида фильмлар суратга олиш, ёш кино ижодкорлар ва кинематография соҳасидаги ўқув юртлари талабалари учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш, N.I.C.E. халқаро кинофестивали келгуси йилда ўтказиладиган Тошкент халқаро кинофестивалида меҳмон сифатида иштирок этиши, Италияда Ўзбекистон кино кунларини ўтказиш ҳамда Италиянинг нуфузли кинофестивалларида Ўзбекистон кино маҳсулотларининг намойиш этилиши ва танловларда қатнашиши каби масалалар хусусида сўз борди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган фестиваль давомида «Шарқ юлдузи» кинотеатрида янги Италия фильмлари намойиш этилди. Бугун фестивалнинг сўнгги кунида «Келажак қуёши» фильми намойиш этилади.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА