Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Италия: Аграр соҳадаги ҳамкорликнинг янги босқичлари
09:29 / 2023-04-13

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна билан учрашди. Учрашувда вазир мамлакатларимиз ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини ва бу масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлганидан мамнунлигини таъкидлади.

Учрашувда жорий йилнинг июнь ойида Италия Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ўрмон сиёсати вазирлиги билан олий даражадаги ташриф олдидан алоқа ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар ўртасида 2023 йил 8-11 май кунлари Миланда бўлиб ўтадиган "TuttoFood- 2023" кўргазмаси масалаларига тўхталди.  

Қайд этилишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фаол экспорт қилувчи давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Бугунги кунда 100 га яқин давлатга 80 дан ортиқ турдаги янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бермоқда.  

"TuttoFood- 2023" кўргазмасида мамлакатимиздан 10 нафар тадбиркор «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» стендида ўз маҳсулотларини намойиш этади.  

Агостино Пинна билан мулоқот чоғида Италиянинг “Parmalat” (сут маҳсулотлари, айланмаси 6,6 миллиард доллар), “Cremonini” (гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 4 миллиард доллар), “Ferrero” ( қандолат маҳсулотлари, 12 миллиард доллар) “Lavazza” (қаҳва, 1,1 миллиард доллар) каби озиқ-овқат соҳаси етакчи компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Италия давлатлари ҳамкорлигида таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ўтган 2022 йилда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Милан университети ва Италиянинг “CREA” қишлоқ хўжалиги маркази ўртасида меморандум имзоланган.  

Ушбу келишувлар доирасида ўзбекистонлик ва италиялик олимлар ўртасида узумчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, мева-сабзавотчилик соҳасида илмий лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА