Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Италия: аграр соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
10:30 / 2026-01-14

Италиянинг Рим шаҳридаги депутатлар палатасида “Country Presentation – Uzbekistan” номли гибрид шаклида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида маълум қилинишича, мазкур йиғин диёримизнинг инвестициявий салоҳияти, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Италия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган.

Унда мамлакатимиз томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов видео-конференц-алоқа шаклида иштирок этди.

Тадбирни Италия Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида кириш сўзи билан очиб берар экан, икки ўлка ўртасидаги аграр, иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини эътироф этди.

Ўз навбатида, вазиримиз И.Абдураҳмонов икки томонлама иқтисодий ва институционал ислоҳотлар, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган тизимли янгиланишлар ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоғида ўсиш суръатлари йилига ўртача 4 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йилда агро-озуқа маҳсулотлари экспорти ҳажми 3,2 миллиард АҚШ долларига етиб, юртимиз маҳсулотлари 83 та мамлакат бозорига етказиб берилган.

Давра суҳбатида мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ҳамда икки томон манфаатларига асосланган қатор лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинар экан, аграр соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанд шаҳрида Италиянинг Тушиа университети филиали фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида тилга олинди.

Шунингдек, анжуман давомида келгусидаги устувор режалардан бири сифатида жорий йил 23–24 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Италия – Марказий Осиё – Озарбайжон” халқаро форумига ҳам эътибор қаратилди. Таъкидланишича, ушбу форум инновациялар, регенератив қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар асосида барқарор агроэкотизимларни ривожлантиришга хизмат қилиши, шунингдек, Италия бизнес доиралари учун янги инвестиция имкониятларини яратиши кутилмоқда.

ЎзА