Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон: истиқлол ва истиқбол
12:46 / 2024-08-23

“Глобус” лойиҳасида Бирлашган Араб Амирликлари таниқли ёзувчиси Юсуф Али Ал-Сааднинг “Ўзбекистон. Истиқлол солномаси” номли мақоласи тақдим этилмоқда.

Мустақиллик байрами нишонланаётган кунларда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ҳамкорлик мужассамлашган муносабатларни назардан четда қолдириб бўлмайди.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган мафтункор диёр, қадим тарихга эга Ўзбекистон илм-фан, маданият маёғи сифатида эътироф этиладиган Бухоро, Самарқанд каби тарихий шаҳарлари билан машҳур. Бу юрт айниқса сўнгги йилларда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга асосланган замонавий давлат қуриш йўлида улкан натижаларга эришди.


БАА-Ўзбекистон муносабати: самарали ҳамкорлик

Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабат 1992 йил 25 октябрда йўлга қўйилган. Шундан буён ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатлар акс этган саъй-ҳаракатлар изчил ривожланмоқда. 1992 йил Дубайда Бош консуллик, 2007 йил Абу-Дабида элчихона очилган. БАА 2004 йил Ўзбекистонда очилган консулликни дипломатик алоқани мустаҳкамлаш мақсадида 2010 йил элчихонага айлантирди.


Туризм: маданиятлар дарвозаси

Ўзбекистон тарихи, маданий мероси ва диққатга сазовор манзиллари туфайли бутун дунё, жумладан Амирликлар учун севимли сайёҳлик масканидир. Кейинги йилларда виза тартиб-таомили соддалаштирилгач, бизнинг фуқароларимиз учун бемалол электрон виза олиш имкони яратилди. Тегишли англашув меморандуми асосида 2024 йилдан дипломатик, махсус, миссияли ва оддий паспорт эгалари учун кириш визаси ўзаро бекор қилинди.

 

Тўғридан-тўғри ҳаво қатнови

БАА ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиа рейслар жорий этилиши икки томонлама саёҳат кўламини кескин оширди. Авиакомпаниялар Абу-Даби, Шаржа ва Дубайдан Тошкент ва бошқа шаҳарларга тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиб, маданий ва туризм алмашинуви рағбатлантирилишини таъминламоқда.

 

Амирликдаги ўзбеклар жамияти: маданий кўприк

Амирликларда кўплаб ўзбеклар истиқомат қилади. Улар маданий-ижтимоий алоқаларимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Маданий тадбирлар, фестиваллар орқали ҳамжамият маҳаллий фуқароларга асл ўзбек мероси билан танишиш, ўзига хос маданий тажрибадан баҳраманд бўлиш имконини яратмоқда.

 

Ўзбек ресторанлари ва маданий мероси

БААда очилган кўплаб ўзбек ресторанларида палов, сомса, кабоб каби мазали анъанавий таомларни татиб кўриш мумкин. Бундай муассасалар маданий хилма-хилликни акс эттиради, икки халқ бир-бирини янада яқинроқ англашига ёрдам беради.


Истиқбол

Икки томонлама муносабат мустаҳкамланиб борар экан, биз барқарор ривожланган, уйғун ёрқин келажакдан умидвор бўлишга ҳақлимиз. Зеро, бугунги алоқалар умумий фаровонлик сари интилиш муштараклигини акс эттирмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқини Мустақиллик байрами билан табриклайман. Бу гўзал диёрга такрор-такрор бориб, бой маданият, мафтункор табиат, беқиёс обидалардан баҳраманд бўлишни интиқлик билан кутаман. Биз ҳам ушбу байрамни халқларимизни боғлайдиган меҳрга йўғрилган дўстлик руҳида нишонлаймиз.

 

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА