Бухорода ўтказилган “Биринчи Ўзбекистон Исроил академик форуми”да иштирок этган Исроилнинг Ариэл университети ректори Алберт Пинхасов бошчилигидаги делегация Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бўлди.
Ариэл университети ректори бошчилигидаги делегация институт ректори Шуҳрат Тешаев ҳамроҳлигида яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган янги кампусда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Кампусда ташкиллаштирилган Симуляцион марказда яратилган имкониятлар, замонавий ўқув ва амалий машғулот хоналари билан танишилди. Бухоро давлат тиббиёт институти билан мунтазам ҳамкорлик қилишга келишилди.
Ўрганишлардан сўнг, иккала олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, талабалар ва профессор ўқитувчилар академик мобиллиги доимий равишда олиб борилади. Энг асосийси, келажакда Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳамкорлик доирасида қўшма Молекуляр генетик лабораторияси ташкил этилади.
Институт мамлакатимиздаги ОТМлар ичида халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш борасида етакчи ўринда туради. Айни пайтда 50 га яқин халқаро ташкилотлар билан имзоланган меморандум ва шартномалар билан ишламоқда. Бир нечта хорижий давлатлардан мингга яқин талабалар келиб таҳсил олмоқда.
Хорижий давлатлар билан ташкил этилган қўшма таълим дастурларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар бугунга келиб ҳамкор олийгоҳларга бориб жойлашиб таҳсилни давом эттирмоқда.
Ариэл университети 1982 йилда ташкил этилган. Исроилдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири саналади. Бугунги кунда 8та факультетида 15 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА