Самарқандда Ўзбекистон – Ироқ инвестиция ва бизнес форуми ўтказилди.
Пойтахтимизда икки давлат йирик компания ва ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган форумнинг узвий давоми сифатида ўтказилган тадбирда ироқлик ҳамда Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 400 нафардан ортиқ ишбилармон доира вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги масъуллари мамлакатимизнинг инвестицион ва экспорт салоҳияти, иқтисодий имкониятлари ҳақида маълумот берди. Хорижий давлатлар ва йирик компаниялар билан ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.
Ўз навбатида Ироқ ҳукумати савдо ва иқтисодиёт соҳаси раҳбарлари, ишбилармонлар ўз давлатида хорижлик инвесторлар учун яратилган шароит ва иқтисодий имтиёзлар, Европа ва Осиё бозорларига чиқиш учун мавжуд имкониятлар ҳақида сўз юритди ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорларни ҳамкорликда ишлашга таклиф қилди.
– Биз маданий-тарихий жиҳатдан Ўзбекистон билан жуда яқин давлатмиз ва эндиликда иқтисодий соҳада ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз, – деди форумда сўзга чиққан Ироқ Миллий инвестициялар комиссияси раиси ўринбосари Салар Муҳаммад Амин. – Ўтган йил декабрь ойида Боғдод шаҳрида ўтказилган иқтисодий форумда бу ҳамкорликнинг истиқболли бўлишига умид уйғонганди. Ушбу ҳафтада Тошкент шаҳрида ва бугун Самарқанд шаҳрида иккинчи форумда қатнашиб бу умидимиз қатъий ишончга айланди. Ўзбекистон компаниялари учун Ироқ энг қулай ва истиқболли бозор бўлишига ишонамиз. Шу билан бирга бизнинг давлатимиз ўзбекистонлик ишбилармонлар учун Европа бозорларига киришда энг қулай йўл бўлади. Биз сизлар билан озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, фармацевтика, қайта тикланувчи энергия технологиялари ишлаб чиқариш, IT ва туризм соҳалари бўйича икки томонлама манфаатли шериклик қилишга тайёрмиз. Бу борада ўзбекистонлик тадбиркорлар ва компанияларга зарур шарт-шароит, иқтисодий имкониятлар яратиб берамиз.
[gallery-27153]
Форумда сўзга чиққан Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим Мадлул Увайд Маъсудий ўзбекистонлик тадбиркорларни шу йилнинг 1-7 февраль кунлари Боғдод шаҳрида ўтказиладиган халқаро иқтисодий кўргазмага таклиф қилди.
– Биз Самарқанд ҳақида болалигимизда китобларда ўқиганмиз ва бу қадимий шаҳарни кўришни орзу қилганмиз, – деди Иброҳим Мадлул Увайд Маъсудий. – Бугун ана шу орзуларимиз ушалганидан бениҳоя хурсандмиз ва кўрсатилаётган юксак ҳурмат, меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирамиз. Юртингизга ташрифимиз давомида Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, эркин иқтисодий зоналарда бўлдик. Корхоналарда замонавий технологиялар кенг қўлланилаётгани ва ишлаб чиқариш жараёнларининг тизимлилиги бизга манзур бўлди. Шу боис Ироқда Ўзбекистон савдо уйлари, йирик компаниялар вакилликларини ташкил этиш орқали сизлар билан яқин ҳамкорлик қилиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонч ҳосил қилдик.
Форумда Сурхондарё вилоятида Афғонистон билан чегара ҳудудида ташкил этилган “Айритом” эркин савдо зонаси ва бу ердаги логистика маркази имкониятлари ҳақида тақдимот қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Ироқ ишбилармон доира вакиллари B2B ва G2B форматида учрашувлар ўтказиб, маҳсулот етказиб бериш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказдилар.
Форум доирасида Ироқ делегацияси аъзолари Самарқанд вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ва “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги завод ва фабрикалар фаолияти билан яқиндан танишди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари