Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида савдо-иқтисодий алоқани янада мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик келишувларини йўлга қўйиш мақсадида айни кунларда бизнес кунлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида Ироқдан 150 нафардан зиёд тадбиркор ва ишбилармонлар мамлакатимизга ташриф буюриб, маҳаллий ишлаб чиқариш зоналари ҳамда миллий маҳсулотлар билан яқиндан танишмоқда.
Шунингдек, бугун пойтахтимизда Ўзбекистон – Ироқ инвестиция ва бизнес форуми бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахобов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, савдо-саноат палаталари, тармоқ бирлашмалари ҳамда икки мамлакат бизнес ҳамжамиятлари вакиллари қатнашди.
Мазкур тадбир ўзбек–ироқ ишбилармонлик ҳамкорлиги тарихида иккинчи бизнес-форум ҳисобланади. Илк бундай йиғилиш 2025 йил декабрда Боғдод шаҳрида ўтказилган эди.
Форумларнинг изчил равишда ўтказилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотнинг босқичма-босқич ва тизимли равишда ривожланаётганини, шунингдек, ҳамкорликни амалий савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар билан бойитишга бўлган ўзаро қизиқишни намоён этмоқда.
[gallery-27127]
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ўз нутқида расмий статистик кўрсаткичларга эмас, балки тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва амалий алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигига эътибор қаратди. У савдо-саноат палаталари икки мамлакат бизнес ҳамжамиятлари ўртасида институционал кўприк вазифасини бажаришини таъкидлади.
Қайд этилишича, ҳозирги босқичдаги асосий устувор вазифа Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Ироқнинг тегишли иқтисодий ва ишбилармонлик тузилмалари, жумладан Ироқ Иқтисодий Кенгаши ҳамда савдо палаталари ўртасида барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантиришдан иборат.
Шу билан бирга, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, B2B алоқаларни ривожлантириш, бизнес-миссиялар алмашуви ва кооперация лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо-саноат палаталари фақат тадбирлар ташкилотчиси эмас, балки ишбилармонлик мулоқоти, маслаҳат ва шартномаларни қўллаб-қувватловчи доимий платформа сифатида фаолият юритиши лозимлиги таъкидланди.
Форум доирасида Ироқ томони вакиллари, жумладан Ироқ Савдо вазири Аттир Довуд ал-Ғурайрий, Ироқ Миллий инвестициялар комиссияси ҳамда Ироқ Иқтисодий Кенгаши раҳбарияти сўзга чиқиб, Ўзбекистон бизнеси билан тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Ироқ Иқтисод палатаси раиси Иброҳим Мадлул Овайд Масудийнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томонининг таклифига биноан мазкур форум доирасида эртага Самарқанд шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишилади.
Анжуманнинг амалий якуни сифатида B2B форматда учрашувлар ўтказилди. Икки мамлакат компаниялари ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Ироқ Савдо-саноат палаталари федерацияси, шунингдек Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ироқ Иқтисодий Кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган келишув ва шартномаларга ҳам эришилди.
Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА