Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) томонидан илк бор Инвесторлар куни ўтказилди.
Маҳаллий, минтақавий ва халқаро инвестиция жамғармалари, банклар ҳамда молиявий институтлар вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратаётганини қайд этди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун инвестиция муҳити йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар, солиқ ва тариф сиёсатлари ҳамда инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватловчи қонунлар инвесторлар учун қулайликлар яратади. Хусусан, инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда ва солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бу эса мамлакатимизда ўз сармоя ва лойиҳаларни татбиқ этишга интилаётган ташаббускорларнинг қизиқишини орттираётир.
[gallery-25880]
Тадбир давомида дунёдаги энг фаол ривожланаётган бозорлардан бири бўлган Ўзбекистондаги стратегик тармоқларда мавжуд инвестиция имкониятлари намойиш этилди. Умумий ҳисобда 67 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий инвестиция компаниялардан 200 нафардан зиёд иштирокчи қатнашгани юртимизда улар учун яратилаётган ҳар томонлама қулайликлар билан боғлиқдир. Аҳамиятлиси, уларнинг жами бошқарувидаги активлар ҳажми 1 триллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади. Тадбир Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг йирик молия марказларидан меҳмонларни қабул қилди ҳамда “UzNIF”нинг Ўзбекистонда ва хорижда глобал институционал инвесторлар орасида юқори қизиқиш уйғота олганини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти раҳбари Азиз Ғафуровнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бунинг яққол исботи – бугунги тадбирга кўплаб хорижий инвестиция фондлари ва инвесторлар томонидан Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирилганидир.
– Давлатимиз раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига қилган расмий ташрифи давомида эришилган меморандумга асосан “Franklin Templeton” компанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармасини (UzNIF) ўз бошқарувига олди. Бу эса кўплаб хорижий компанияларда мамлакатимиздаги инвестиция имкониятларига нисбатан юқори ишонч ҳосил қилишга хизмат қилди. Бугунги кунда мазкур компания нафақат Тошкентда, балки Европа ва Америкада ҳам шундай тадбирларни ташкил этмоқда. Ушбу молиявий ташкилотнинг тақдимотларида улар амалга ошираётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилади. Бу эса инвесторларнинг ишончини янада оширади. Мазкур Инвесторлар куни тадбири мамлакатимизда инвестициялар ҳажмини оширишга кенг йўл очади, – деди А.Ғафуров.
ЕТТБ вакили Азамат Ибраимовнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор равишда ривожланмоқда, чунки хусусий сектор, кичик ва ўрта бизнес ҳамда йирик компаниялар орасида яхши мувозанат сақланмоқда.
– Мамлакатда инвестиция имкониятлари жуда кенг ва ҳар йили хусусий секторда миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни ва ташқи савдо имкониятларини фаол қўллаб-қувватлаб, хусусий секторни ривожлантириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қатъий эътибор қаратмоқда. Хусусийлаштириш жараёнлари эса фақат активларни сотиш эмас, балки стратегик инвесторлар учун тенг имкониятлар яратиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва институционал инвесторларга асосланган реалистик жараённи таъминлашга қаратилган, – деди у.
Инвесторлар куни эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА