Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти раиси ўринбосари Ву Хайпин бошчилигидаги делегация Божхона қўмитасида бўлди.
Ташриф Марказий Осиё давлатлари ва Хитой божхона хизматлари раҳбарларининг “С5+1” форматида Олмаотада бўлиб ўтган иккинчи учрашуви доирасида Ўзбекистон ва Хитой божхона хизмати раҳбарларининг икки-томонлама учрашувида эришилган келишувларнинг илк амалий натижаси ҳисобланади.

Ҳозирда чегара божхона постларини замонавий техник-назорат воситалари, шу жумладан, катта ҳажмли юк автотранспорт воситаларини сканерловчи инспекцион-кўрик мажмуалари билан жиҳозланишида ўзаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу энг аввало, ташқи савдо юкларини тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Йиғилишда томонлар ўзаро ахборот алмашинувини такомиллаштириш, сўровнома-маълумот алмашишнинг самарали механизмини шакллантириш, кадрлар малакасини ошириш, хусусан Шанҳай божхона университети билан ҳамкорликни изчиллик билан давом эттириш, божхона ҳудудида қайта ишлаш соҳасида Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш каби масалаларни атрофлича кўриб чиқди.
Делегация аъзолари Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси, Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш маркази, Ягона “Call-маркази” ҳамда Божхона расмийлаштируви марказида бўлиб, марказ фаолияти ва расмийлаштирув жараёнлари билан яқиндан танишди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ва Хитой давлати ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, алоқалар жадаллик билан фаоллашмоқда. Йил якунига қадар Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган Хитой инвестициялари ҳажми 15 млрд. АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда.
Шу йилнинг ўзида мамлакатда 380 та янги ўзбек – хитой қўшма корхоналари иш бошлаб, уларнинг умумий сони 3,7 мингдан ошди. Ўзбекистон ва Хитой божхона хизматлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ривожланиши эса мазкур кўрсаткичларни янада рағбатлантиради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА