Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилнинг биринчи ярмида 7,2 фоизга ўсди
15:38 / 2025-11-17

Бу ҳақида Марказий банк томонидан 2025 йил I ярим йиллик Молиявий барқарорлик шарҳида маълум қилинган.

Унда қайд этилишича, 2025 йил I ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда. ЯИМнинг йиллик реал ўсиш суръати 7,2 фоизни ташкил этди. Бу ўсишда ички талаб 6,5 фоиз, соф экспорт манфий сальдосининг қисқариши эса 0,8 фоиз ҳисса қўшди. Хусусан, ички талаб таркибидаги якуний истеъмол харажатлари йиллик 8,7 фоиз ўсган.  

Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари: Жанубий Корея, Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон билан солиштирилганда мамлакатда юқори иқтисодий ўсиш суръати сақланиши кутилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2025 ва 2026 йилларда Ўзбекистоннинг реал ЯИМ ўсиши 6-6,8 фоиз атрофида бўлган. Савдо ҳамкорлари бўйича ўртача ўсиш суръати эса 4 фоиз ва 3,6 фоизни ташкил этади.

2025 йилнинг I ярим йиллигида жорий операциялар ҳисоби манфий сальдоси 156,3 млн. АҚШ долларига қисқарди. Шу билан бирга, экспортнинг ўсиши импортдан 19 фоиз юқори бўлган. Натижада савдо баланси манфий сальдосининг қисқариши 20 фоизни ташкил этиб, у 6,4 млрд. АҚШ долларига тенглашди.

Банк тизимида норезидентлар олдидаги мажбуриятлар ЯИМга нисбатан 14 фоизда қолди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгармади. Бу кўрсаткичлар иқтисодий барқарорлик ва молиявий тизимнинг хавфларга чидамлилигини кўрсатади.

GaR модели натижасига кўра, 2025 йил I ярим йиллигида хатарлар шароитида келгуси бир йилда реал ЯИМ ўсиши 5 фоиз эҳтимол билан 6 фоизни ташкил этиши мумкин. Бу молиявий шароитларнинг яхшилангани ва хатарлар кўламининг камайганини кўрсатади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА