Энергетика соҳасида минтақавий интеграция – ягона энергетика тизимининг ўта юкламали соатларидаги бошқарувини марказлаштирган ҳолда амалга оширилишига ёрдам беради.
Бу ҳақда Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхўжаев 29-30 октябрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон иқтисодий форумидаги тақдимоти чоғида қайд этди.
А.Ахмедхўжаев таъкидлаганидек, Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакатнинг ҳамкорлиги сўнгги 5 йил ичида энергетика тизимларининг ҳамкорлиги ва интеграциясини мустаҳкамлаш учун ижобий туртки бўлди. Бу эса қўшма сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини беради.
Хусусан, Ўзбекистон мамлакат энергетика тизимини қўшни давлатлар билан боғлайдиган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилишини давом эттириш ниятида.
Минтақавий энергетик ҳамкорлик Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлигига эришиш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича жорий ва узоқ муддатли режаларида ўз ролини ўйнайди. Бунда ишлаб чиқариш ҳажмлари 10 йилдан камроқ вақт ичида икки баробарга ортиши ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 25 фоизгача ўсиши режалаштирилган.
- Бу улкан мақсадларга эришиш учун мамлакат энергетика соҳасида ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёни давом этмоқда, - деди А.Ахмедхўжаев. Бунда мамлакат раҳбарияти томонидан энергетика соҳасини ислоҳ қилиш жараёни ва Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия ресурслари билан таъминлаш масалалари назорат қилинадиган давлат органи – Энергетика вазирлигини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан бошланди.
Ислоҳотнинг навбатдаги босқичи “Ўзбекэнерго” АЖ негизида учта корхона ташкил этилди. Шундан сўнг, ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш вазифалари алоҳида акциядорлик жамиятлари томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодий форумида иштирокчиларига мамлакатимиз Президентининг энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисидаги қабул қилинган қарорлари ва “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси” ни ишлаб чиқиш ҳақида маълумот берилди. Бу каби тартибга солиш ишлари энг яхши халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳамда соҳага нуфузли хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Натижада Ўзбекистонда биринчи марта хусусий инвесторлар учун ДХШ асосида электр энергияси ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконияти яратилди. Энг яхши халқаро тажриба ва стандартларга асосланган лойиҳалар бўйича танловлар ўтказиш учун мамлакат раҳбарияти Халқаро молия корпорацияси каби жаҳон молия институтларини жалб қилди. Унга кўра 1 ГВт қуёш энергияси ва 1,5 ГВт қувватдаги анъанавий станциялар учун тендерларни техник қўллаб-қувватланди. Осиё тараққиёт банки – 1 ГВт қуёш ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан – 1 ГВт шамол электр станциялари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича тендерлар амалга оширилмоқда.
Тақдимотда, шунингдек, энергетика соҳасида кадрлар сиёсати ишлаб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “ACWA Power” ва “Air Products” компаниялари биргаликда Ширин энергетика коллежида кадрлар тайёрлаш салоҳиятини оширишга, ўқитувчи ва талабалар учун махсус ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишга сармоя киритмоқда.
Яқинда Энергетика вазирлиги ва “Siemens” компанияси ўртасида апрель ойида қабул қилинган “Йўл харитаси” доирасида “Siemens” компанияси Тошкент давлат техника университети билан университет талабалари учун малака ошириш дастурлари тўғрисида ўзаро меморандум имзолади.
-Ўзбекистон Республикаси барча соҳаларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот экспортига ўтмоқда. Биз кластерларни ривожлантириш ва газни қайта ишлашни чуқурлаштиришни мақсад қилганмиз. Яқинда тўлиқ ишга тушадиган GTL лойиҳаси бунга яхши мисол бўла олади. Биз, шунингдек, Бухоро вилоятида МТО кластерини ривожлантириш мажбуриятини олдик, - деди Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.
Тақдимотда барқарор энергетика соҳасида Ўзбекистон яшил энергетика ташаббусларини қандай бошқариши ва уларнинг устувор йўналишлари бўйича доимий иш олиб бораётгани таъкидланди.Хусусан, кичик ФЭС лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун энергияни тежайдиган ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш учун компенсация механизми қабул қилинди. Ҳозирги вақтда Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришнинг янги ёндашувлари ва методологиясини ишлаб чиқишда давом этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА