Глобал геосиёсий беқарорлик, минтақавий зиддиятлар ва иқтисодий ноаниқликлар кучайган бир шароитда айрим давлатлар ўз тараққиёт йўлини аниқ стратегик қараш ва ички салоҳиятга таяниш орқали белгиламоқда. Нефть ва газ каби табиий ресурсларга бой бўлмаган Иордания ана шундай давлатлардан бири сифатида туризмни миллий иқтисодиёт таянчига айлантиришга муваффақ бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 февраль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Сенати Раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз бошчилигидаги делегацияни қабул қилиши доирасида муҳокама этилган масалалар, айниқса, туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат муносабатларида муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш керак, Иордания туризм мураккаб геосиёсий шароитда ҳам миллий иқтисодиёт таянчига айланиши мумкинлигини исботлаган. Унинг тажрибаси стратегик сабр-тоқат, диверсификация ва меросни фаровонликка айлантириш бўйича тайёр қўлланмадир.

Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Иқтисодиёт ва менежмент” кафедраси катта ўқитувчиси Алина Салихова ЎзА мухбирига берган интервьюсида иқтисодий ҳамкорлик, туристик таклифларни диверсификация қилиш ва келгусидаги истиболли лойиҳалар хусусида фикр билдирди.
– Жаҳон саҳнаси можаролар билан тўлиб-тошган бир пайтда Иордания барқарорлик ва стратегик ривожланишнинг таъсирчан намунасини намоён этмоқда. Нефть бойликларига эга бўлмаган мамлакат ўзининг асосий капитали – минг йиллик тарих, бетакрор табиат ва меҳмондўстлик маданиятига таянмоқда, – деди А.Салихова.
2025 йилнинг дастлабки ойларида туристлар оқимининг кескин ўсиши ва соҳа даромадларининг кўпайиши тасодиф эмас. Бу ўнлаб йиллар давомида изчил амалга оширилган сиёсат натижаси. 1970 йиллардаёқ туризм миллий устувор йўналиш сифатида белгилаб олингани бугунги ютуқларга мустаҳкам замин яратмоқда.
Петра шаҳрининг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши, маданий ҳаётни жонлантириш, миллий авиакомпанияни ривожлантириш, инфратузилмага сармоя – буларнинг барчаси тарихни “тирик иқтисодий ресурс”га айлантиришга хизмат қилмоқда.
Туризм – фақат обидалар эмас, тизимли ёндашувдир.Иордания бугун фақат Петра билан эмас, балки Ўлик денгиз курортлари, Қизил денгизда дайвинг, тиббий туризм, диний саёҳатлар ва эко-йўналишлар билан танилган. Бу диверсификация мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги ролини ҳам оширмоқда. Ислоҳотларга юз тутган, жаҳон бозорига йўл очган Ўзбекистон учун Иордания тажрибаси муҳим аҳамият касб этади.
Самарқанд, Бухоро, Хива каби улкан маданий меросга эга мамлакат сифатида биз ҳам туризмни диверсификация қилиш орқали янги босқичга чиқишимиз мумкин. Тоғ туризми, гастрономик саёҳатлар, зиёрат туризми ва тиббий хизматларни уйғунлаштириш катта имкониятлар яратади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳам тарихий меросга бой. Бироқ замонавий туризм рақобати фақат меросга эмас, балки уни қандай тақдим этиш ва бошқаришга боғлиқ.
Иордания Амман шаҳрида замонавий аэропорт негизида минтақавий “хаб” ярата олди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар, чартер дастурлар ва логистика занжири туристлар оқимини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ўзбекистон учун “Royal Jordanian” билан Амман – Тошкент – Самарқанд рейсларини йўлга қўйиш, қўшма чартер дастурлар ишлаб чиқиш икки бозорни бир-бирига яқинлаштиради. Акаба махсус иқтисодий зонаси модели эса Оролбўйи ёки Нурота тоғларидаги туристик кластерларда қўлланилиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, Петра каби объектларда туристлар оқимини “ақлли” бошқариш, аэропортларда рақамли хизматлар, онлайн бронлаш ва рақамли гидлар жорий этилиши Иорданияни замонавий туристик маконга айлантирди. Самарқанд ёки Хивада интеллектуал бошқарув тизимларини жорий этиш нафақат қулайлик, балки меросни муҳофаза қилишнинг ҳам самарали воситаси бўлади.
Инсон капитали – муваффақиятнинг калити деб бежизга айтилмайди. Иордания тажрибасида энг таъсирли жиҳатлардан бири маҳаллий ҳамжамиятларнинг фаол иштироки. Хусусан, аёллар бошқарадиган меҳмон уйлари, маҳаллий гидларни тайёрлаш дастурлари, эко-туризм лойиҳалари орқали туризм аҳоли фаровонлигига хизмат қилаётганини кўриш мумкин.
Бу моделни Фарғона водийси ёки Қорақалпоғистонда жорий этиш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий самара ҳам беради. Туризм шундагина ҳақиқий ривожланиш драйверига айланади. Яъни, фақат меҳмонхоналар эмас, балки инсон тақдирларини ўзгартиради.
Замонавий дунёда ахборот тез тарқалади. Шу боис салбий ҳолатларга тезкор жавоб бериш, хавфсизлик ва меҳмондўстлик имижини мустаҳкамлаш муҳим. “Хавфсиз ва меҳмондўст Шарқ юраги” каби қўшма маркетинг кампаниялари Жануби-Шарқий Осиё ва Европа бозорларида янги имкониятлар очиши мумкин.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги туризм ҳамкорлиги оддий делегациялар алмашинуви эмас, бу синовдан ўтган ривожланиш харитасини ўрганиш ва уни миллий шароитга мослаштириш имкониятидир. Ушбу ҳамкорлик аниқ лойиҳалар, қўшма ташаббуслар ва тизимли ёндашув билан мустаҳкамланса, Самарқанд ва Амман ўртасидаги масофа фақат географик тушунчага айланади. Туризм эса икки халқни яқинлаштирувчи, иқтисодни мустаҳкамловчи ва келажакка ишонч уйғотувчи куч бўлиб хизмат қилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири