– Ёшлигимдан ислом ҳуқуқи, манбашунослик, тарих соҳасига қизиқаман, – дейди Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Жаҳон ислом илми университети (WICE) талабаси Аброр Абдуллаев. – 2022 йил Ўзбекистон халқаро ислом академиясини битиргач, билимимни янада ошириш мақсадида шу таълим даргоҳига ҳужжат топширдим. Бу ерга келиб, Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги ўхшашликка бевосита гувоҳ бўлдим. Гўзал табиат, самимий одамлар, меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат кишини хурсанд қилади. Айниқса, чет элдан келган талабаларга ҳурмат бошқача.
Уч йил аввал юртимизнинг машҳур алломаси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жияни Убайдуллоҳ Муҳаммад Карим ўғли Жалилов мен таҳсил ола бошлаган университетда ҳадис илми бўйича фан доктори илмий унвонига сазовор бўлганида ифтихор ҳиссини туйганман.

– Жорий йил бошида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Иордания Олий таълим вазирлиги чет эллик талабалар билан ишлаш бўлими мудири Фодий Босим билан учрашди. Ўша мулоқотда Ўзбекистон консуллиги вакили ва Мусулмонлар идораси раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари ҳам иштирок этди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик, таълим соҳасида йўлга қўйилиши режа қилинган тажриба алмашинуви, ўзбекистонлик талабаларнинг араб тили ва бошқа турли йўналишларда таълим олиш масалалари муҳокама этилди. Ёшларга яратилган шарт-шароит, малака ошириш курслари ҳақида фикр алмашилди. Олий таълим муассасалари битирувчилари дипломларини икки томонлама тан олиниши бўйича таклифлар берилди.
Яқинда Ўзбекистоннинг олий таълим ва диний соҳа вакилларидан иборат яна бир делегация келди. Бу охирги икки йилдаги учинчи ташриф ҳисобланиб, қатор самарали битимлар имзолангани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, 25-26 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдуллоҳ II ибн Ал-Ҳусайн мамлакатимизга давлат ташрифини амалга оширди. Икки мамлакат дипломатик муносабатлари тарихида Иордания Подшоҳининг мамлакатимизга илк сафари сифатида, мазкур воқеа ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, алоқаларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтарди.
Сўнгги йиллардаги муносабатлар ривожи жадал ўсиш суръатига эга. Томонлар ўзаро манфаатли муҳим салоҳиятга таянган ҳолда шерикликни чуқурлаштириш истагини намоён этмоқда.
Давлатларимизни ислом маданияти, умумий тарихий мерос ва кўп асрлик диний, маданий алмашинув анъаналари бирлаштиради. Ўзаро ишонч ва тушуниш муҳитини яратадиган бу ҳолат, айниқса, мавжуд ҳамкорликнинг гуманитар жиҳати учун муҳим.
Шу нуқтаи назардан истиқболли маданий-гуманитар алоқалар академик алмашинувни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва талабалар учун стипендиялар ажратиш, умумий тарихий-маданий меросга бағишланган фестиваль, кўргазма ва конференциялар ўтказиш, исломшунослик, илоҳиётшунослик, тарих ва археология соҳаларидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш тизимида қўшма тиббий дастурларни биргаликда амалга ошириш, телетиббиёт соҳасида тажриба алмашиш лойиҳаларини ўз ичига олган.
Масалан, Ўзбекистоннинг яқин тарихи, ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошидаги сиёсий воқеалар тегишли давр, манба ва муаллифлар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Айни ҳолат ўтмишда яратилган ёзма ёдгорликлар, тарихий ҳужжат ва солномаларни чуқурроқ ўрганиш, таҳлил қилиш орқали тарихий адолатни тиклаш, манбалар асосида холис ва тўғри маълумот бериш зарурлигини англатади. Бу эса манбашунослик фанисиз, манбаларга илмий ёндашувсиз мумкин эмас.
Қисқаси, мен бугунги кунда чуқур ўрганаётган манбашунослик фани юртимиз тарихи тўғрисида ҳаққоний хулосага келиш, бошқача айтганда ўзлигимизни янада теран англаш, бой ва қадимий маданиятимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилувчи тарих фанининг муҳим йўналишидир.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА