Бугун Ўзбекистон Республикаси ҳамда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 33 йил тўлди. 1993 йил йўлга қўйилган алоқалар эндиликда сиёсий мулоқотдан ташқари, иқтисодий, инвестициявий, гуманитар ва парламент даражасигача кенгайган кенг қамровли шерикликка айланган.
Иқтисодий муносабатда ўсиш суръати сақланиб келмоқда. Иорданиянинг расмий “Petra” агентлиги ва Ўзбекистон томони маълумотига кўра, ўтган йил ўзаро товар айирбошлаш 6,9 миллион долларга чиққан. Ҳамкор давлат юртимизга дори-дармон, жиҳоз ҳамда кимёвий маҳсулотлар етказиб берган, Ўзбекистон эса Иордания бозорига мис, мева, ёнғоқ ва бошқа товарлар экспорт қилган.
Мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш мақсадида 2025 йил 11 августда Аммон шаҳрида мамлакатимизинвестициялар, саноат ва савдо вазири раҳбарлигидаги делегация қатор учрашувлар ўтказди. Музокара чоғида томонлар савдо айланмаси кўламини кенгайтириш, ўзаро инвестицияни ошириш ва қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш учунўтган йил Самарқандда, Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг ташрифи давомида 15 ҳужжат имзоланди. Айни жараёнда визани бекор қилиш, инвестицияни рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш, қўшма комиссия тузиш ҳамда олий таълим ва илмий тадқиқот соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларига устуворлик берилди.
Икки давлат ўртасида парламентлараро мулоқот ҳам самарали йўлга қўйилган. 2026 йил 4 февраль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Иордания парламенти юқори палатаси раиси билан учрашув ўтказди ва савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласини муҳокама қилди. Шу ойнинг ўзида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Сенати (Мажлис ал-Аъён) Раиси Файсал Акиф ал-Фаёз бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди. Мазкур ташриф давомида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан қуйи палаталар вакилларининг ўзаро ташрифини ташкил этиш ҳамда қўмиталар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Иордания расмийлари таъкидлашича, ушбу мамлакат Ўзбекистонни стратегик ҳамкор сифатида билади ва ўзаро алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдор. Масалан, инвестициялар вазири Тариқ Абу Ғазолиҳ иқтисодий шериклик нафақат икки мамлакат, балки Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақалари учун ҳам янги иқтисодий имкониятлар эшигини очади, дея таъкидлаган. (https://jordantimes.com/news/local/investment-minister-uzbeki-counterpart-discuss-boosting-trade-investment)
Ўзаро савдо кўрсаткичи кўлами нисбатан бўлса-да, муносабатлар истиқболи кенглигини кўрсатмоқда. Яқин Шарқ бозорига чиқиш нуқтаи назаридан Иордания стратегик дарвоза вазифасини бажаради. Араб дунёси билан эркин савдо механизмига эга мазкур мамлакат маҳсулотларимизни минтақадаги кенг бозорларга етказиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Бир сўз билан айтганда, савдо ҳажми ўсиши тенденцияси, парламентлараро мулоқот ва инвестициявий имконият икки мамлакат алоқалари мамлакатларимиз учун стратегик аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА