Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25-26 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Иордания Яқин Шарқ минтақасида жойлашган, 12 та ҳудуддан иборат давлат. 11,7 миллион аҳоли истиқомат қилади. Жаҳон банкининг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилда Иорданиянинг ялпи ички маҳсулоти 53,3 миллиард долларни, аҳоли жон бошига 4700 долларни ташкил қилган. Ташқи савдо айланмаси 37,1 миллиард доллардан ошади. Иордания асосан фосфатлар, тайёр кийим-кечаклар, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари экспорт қилади. Фосфатлар бўйича жаҳондаги етакчи экспортёрлардан бири, бу минераллар асосан ўғит ва кимёвий моддалар сифатида экспорт қилинади. Иорданиянинг тўқимачилик саноати маҳсулотларининг катта қисми АҚШ ва Европа Иттифоқига йўналтирилган.

Иордания иқтисодиёти асосан хизматлар соҳасига асосланган бўлиб, ялпи ички маҳсулотининг 75,5 фоизини ташкил этади. Саноатнинг ҳиссаси – 19,6 фоиз, қишлоқ хўжалигининг эса – 4,9 фоиз.
Туризм миллий даромаднинг муҳим қисми ҳисобланади. Иорданияда табиий ресурслар, хусусан, нефть ва газ захиралари кам. Давлат фосфат, калийдан тайёр маҳсулотлар ва кимёвий моддалар экспортига таянади.


Халқаро молиявий ёрдам Иордания иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мамлакат Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Кўрфаз мамлакатлари каби донорлардан ёрдам олади. Ушбу ҳамкорликлар, шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар билан бирга, Иорданияга қийин геосиёсий ва иқтисодий шароитда барқарорликни сақлаб қолишга ёрдам бермоқда.
Иқтисодий эркинлик индекси бўйича жаҳон рейтингида Иордания 69-ўрин, минтақавий рейтингда эса 6-ўринни эгаллайди. Ишбилармонлик муҳити бўйича жаҳон рейтингида Подшоҳлик 65-ўринда туради.
Иордания дунёдаги энг йирик фосфат ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади ва бу борада ТОП-5 таликка киради, унинг тасдиқланган захиралари 1,5 миллиард тоннадан ошади. 2024 йилда барча конларда қуруқ фосфатнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми 11,5 миллион тоннага етган.
Ўзбекистон 1993 йилда Иордания билан дипломатик муносабатлар ўрнатган ва ҳамкорлик қилиб келади. Давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда қарийб 4,6 миллион долларни ташкил этди ва жорий йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 4,3 миллион долларга етди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини бир неча карра ошириш имкониятига эга ва бундан самарали фойдаланилмоқда.
25 август куни Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайнни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Икки давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 август куни Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида ўтказилди.
Дастлаб, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайнни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Конгресс маркази биноси олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди.


Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Ўзбекистон Президенти ва Иордания Подшоҳи фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегация аъзоларини қутладилар.
Музокаралар олдидан, давлат ташрифи дастури доирасида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Конгресс марказида хорижий бозорлар учун халқаро стандартларга жавоб берадиган кенг турдаги юқори сифатли маҳсулотлар кўргазмага қўйилган.
Олий мартабали меҳмонга тоғ-кон, фармацевтика, кимё, тўқимачилик, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари каби соҳалардаги технологик босқичлар, ишлаб чиқариш қувватлари, инновациялар ва қўлланилаётган энг илғор ускуналар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Экспозициядан юқори қўшилган қийматга эга тайёр саноат маҳсулотлари намуналари: дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар, минерал ўғитлар, тўқимачилик, трикотаж ва заргарлик буюмлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, IT ечимлари ва бошқалар ўрин олган.
Иордания етакчиси Ўзбекистон маҳсулотлари ва саноат салоҳиятини юксак баҳолади. Давлат раҳбарлари етакчи корхоналар кооперациясини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва технологиялар трансферини амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шундан сўнг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Иордания Подшоҳи давлатимиз раҳбарига ташриф билан келишга таклиф қилгани ҳамда Иордания делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Дипломатик муносабатлар тарихидаги илк олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ва уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиялари ўхшашлиги қайд этилди.
Етакчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни фаол давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Давлатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги конструктив мулоқотни ва идоралар ўртасидаги яқин алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Икки томонлама савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.
Кимё ва тўқимачилик саноати, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.
Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ишга тушириб, жорий йил якунигача уларнинг илк йиғилишларини ўтказиш таклифи билдирилди. Икки мамлакатнинг етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирокида Ўзбекистон – Иордания бизнес форумининг ўтказилиши ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.
Маданий, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни, шу жумладан, қўшма маданият ҳафталиклари, концертлар, экспозиция ва кўргазмалар ўтказиш орқали янада фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.
Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ тарихга эга бўлиб, бугунги кунда янги босқичга кўтарилмоқда. Шу нуқтаи назардан, умумий маънавий меросни биргаликда ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар бағрикенг ва маърифатли ислом ғояларини биргаликда илгари суриш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келдилар. Давлатимиз раҳбари Подшоҳ Абдулла II томонидан бундан ўн йил олдин бошланган "Ақаба жараёни" ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу муҳим ташаббуснинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.
Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ва визасиз режим жорий қилиниши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якунида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлатимиз раҳбарини Иорданияга ташриф билан боришга таклиф этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Умуман, ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, жумладан:

- экстрадиция тўғрисида битим;
- инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим;
- қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим;
- виза талабларини бекор қилиш тўғрисида битим;
- олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
- товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати тўғрисидаги дастлабки маълумотларни онлайн алмашиш тўғрисида баённома;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида меморандум;
- дин ишлари бўйича англашув тўғрисида идоралараро меморандумлар;
- Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси.
Иордания Подшоҳининг давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг "Ан-Наҳда" ("Ренессанс") ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлатимиз раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди.
– Ушбу мукофотни кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг муносиб эътирофи, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва ҳурмат ифодаси сифатида катта мамнуният билан қабул қиламан, – деди Президентимиз.
Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва самарали музокаралар натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги шериклик даражасига кўтарилди.
Етакчилар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар.
Давлатимиз раҳбари Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Иорданиянинг жадал ривожланишига, мамлакатнинг тинчликсевар ташқи сиёсатини амалга оширишга, халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ва таъсири юксалишига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Президентимиз ушбу юксак мукофот Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Иордания халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон – Иордания саммити якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Самарқанддаги Конгресс маркази боғида эман экдилар.
Маросим Ўзбекистон – Иордания муносабатларида янги давр бошланаётгани ҳамда етакчиларнинг халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга интилиши рамзи бўлди.
Тадбирлар якунлангач, Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.

Айтиш мумкинки, Президентимиз таклифига биноан Ўзбекистон – Иордания дипломатик муносабатлари тарихида илк бор Иордания Подшоҳининг юртимизга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бергани ва уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Икки кун давомида давлатлар етакчиларининг самимий ва дўстона мулоқотлари, самарали музокаралари натижасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишлари белгиланди ҳамда уларни кенгайтириб боришга келишиб олинди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари