– Эшитдингизми, яқинда автомобиллар нархи тушаркан, – деб қолди қўшним Меҳрихон ишдан қайтаётиб гурунглашиб турганларга яқинлашарканман.
– Фақат машина эмас, маиший техника воситалари, кийим-кечак ҳам, – қўшимча қилди Лолахон.
– Ҳа, хитойликлар тўғридан-тўғри сотувни йўлга қўйишарканда, – жўяли фикр чиқди Сурайёдан.
Ҳамсоялар суҳбатига гувоҳ бўлиб уйга кирарканман, бундай янгиликлар юртимизга инвестиция оқими тезлашиши билан боғлиқлигидан фахрландим.

Ёдимда, шу йил 16 январь куни Президентимиз инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ўшанда давлатимиз раҳбари инвестиция самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бу иқтисодиётимиз ўсишига жиддий туртки беради. Кафолатли харид ҳисобига, жуда кўп янги иш ўринлари яратилади, валюта тежалади ва ёндош соҳалар ривожланади. Буни ҳокимлар яхши тушуниб, ҳар бир лойиҳанинг “ичига кириб”, ишни унумли ташкил қилиш керак, - деган эди Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги очиқлик, кучли инвестиция сиёсати туфайли иқтисодиётимиз барқарор ўсяпти. Хусусан, 2024 йил ялпи ички маҳсулот 6,5 фоиз ошиб, 115 миллиард долларга етди. Хорижий инвестиция 1,6 баробар кўпайиб, қарийб 35 миллиард долларни ташкил қилди. Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилди. Экспорт миқдори илк бор 27 миллиард долларга кўтарилди.
Кейинги пайт ижтимоий тармоқда тарқалаётган юртимизда “хитойликлар кўпайиб кетаётгани” ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Ўзбекистонга ХХР қатори Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, Малайзия каби мамлакатлардан ҳам кўплаб сармоядорлар кириб келаётгани, бу ривожланаётган давлат учун одатий жараён эканини қайд этиб, аҳолини турли иғволарга берилмасликка чақирди.
Ҳукумат расмийси “республикамизда хитойликлар кўпайиб кетаётгани, гўёки Ўзбекистон ерлари Хитойга ўтиб кетаётгани” хусусидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди. Яъни, Ўзбекистон аввалгидек ёпиқ давлат эмаслигини таъкидлаб, одамлардан бироз тоқатли бўлиш, турли нохолис ва асоссиз ахборотларга учмасликни сўради.
Ҳозир бутун дунёда инвестиция кўчиши кузатилмоқда. Президентимиз саъй-ҳаракати билан бизнинг иқтисодиётимиз ҳам жадал ривожланяпти. Очиқ ва прагматик сиёсат олиб борилаётган мамлакатимизга кўплаб сармоядорлар кириб келмоқда.
Шу билан бирга ўзбекистонлик тадбиркорлар ёки мигрантлар турли давлатларда хусусан, Хитойда ҳам фаолият юритмоқда. Ҳозир дунёнинг исталган мамлакатида ўзбек маҳаллаларидан тортиб, номи она тилимизда ёзилган дўконлар, миллий ошхоналаримиз жуда кўп.
Хитой эса аҳоли сони бўйича дунёда 2-ўринда туради. Ҳатто, Ғарбий Европа, Шимолий Америкада ҳам улкан диаспораларига эга. Бинобарин, ҳеч ким бундан бирор хавф кўрмайди. Шундай экан, бу борада биз учун ҳам ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.
Ўзбекистоннинг тарихий ва яқин ҳамкори, стратегик шериги сифатида Хитой ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни ҳурмат қилади ҳамда қатъий қўллаб-қувватлайди. Ҳатто бу бўйича алоҳида шартнома ҳам имзоланган. Демак, ваҳима кўтаришга ҳеч қандай асос йўқ.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА