Индонезия Республикаси конституциявий суди делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, суд тузилмасини тубдан такомиллаштириш, соҳада самарадорликни ошириш, шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, фуқаро ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилишда суд ролини оширади, — деди Олий суд раиси Козимжон Комилов. — Шу билан бирга мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кескин ўзгаришлар, глобаллашув шароитида ижтимоий муносабатлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани давлатимизда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашга янгича ёндашув ҳамда тамойилни ишлаб чиқишдек долзарб вазифани кун тартибига қўймоқда.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда томонлар давлатларимиз суд ҳокимияти ўртасида конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади.
Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шартидир. Шу нуқтаи назардан учрашувда суднинг ҳуқиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
— Тошкентга дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, суд соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш учун келдик, — деди Индонезия Республикаси Конституциявий суд раиси ўринбосари, профессор Асванто. — Давлатларимиз суд тизими бир-бирига ўхшаш. Шу маънода Ўзбекистоннинг устувор тамойил этиб белгиланган аҳоли фойдасига шаффоф ва адолатли ҳукм чиқариш тажрибасини Индонезия суд тизимида ўзлаштириш фойдали бўлади.
Республикамиз охирги йилларда халқаро шаффофлик рейтингида 40 поғона юқорилагани, электрон суд иши юритиш бўйича топ-20 таликка киргани ва келажакда топ-5 ликдан ўрин олиш йўлида ҳаракат бошлаб юборилганига алоҳида урғу берилди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ҳамда Судьялар Олий Кенгаши 2022 йил октаябрь ойида Бали оролида ўтказиладиган халқаро анжуманга таклиф этилди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА