Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация айни пайтда Индонезия давлатида бўлиб турибди.
Ташриф аввалида вилоят раҳбари дунёнинг энг катта мусулмон ташкилоти саналган Надҳлатул Уламо раисати билан учрашувда иштирок этди. Учрашувда мазкур ташкилот ва Бухоро вилояти ўртасида яқин биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш, хусусан, туризм йўналишидаги соҳа вакиллари билан музокаралар олиб бориш орқали Бухоронинг зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш, авиақатновларни йўлга қўйиш ва Индонезиядан сайёҳлик оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Надҳлатул Уламо ташкилотининг бошқарувчи директори ўринбосари КҲ. Зулфа Мустафа Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намояндалари, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар илмидан бутун дунё мусулмонлари, шу жумладан, индонезияликлар ҳам баҳраманд ва миннатдор эканликларини мамнуният билан таъкидлади. Уларнинг табаррук қадамжоларига сайёҳларни кенг жалб қилишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Мулоқотда “Индонезия – Ўзбекистон”, “Ўзбекистон –Саудия Арабистони – Индонезия” йўналишларида авиақатновларни йўлга қўйиш, Бухорода ислом дунёси олимлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш, Бухоро ва Бухорийлар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш ва уни Индонезия телеканаллари орқали доимий тарзда эфирга узатиш, зиёрат туризми маршрутларини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи орқали Бухородаги етти пир зиёратгоҳларигача белгилаш, мамлакатимизнинг зиёрат-туризми салоҳияти ва маданий-тарихий меросини Индонезия жамоатчилиги ва Надҳлатул Уламо ташкилоти аъзолари орасида кенг тарғиб қилиш бўйича фикр алмашилди.
Бухоро вилояти делегациясининг навбатдаги ташриф манзили Индонезия уламолари Кенгаши бўлди. Меҳмонларни Кенгашнинг бош котиб ўринбосари ва бошқа расмийлар кутиб олди. Ташкилотнинг тузилиши, тарихи тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ташкилот ҳажм жиҳатидан жуда катта, таркиби 2 мингдан ортиқ ва улар вице-президент томонидан тайинланади. 30 дан ортиқ ташкилотдан иборат Кенгаш таълим, илм, ҳалол сертификат берувчи орган ва бошқа бир қатор соҳаларни қамраб олган. Шунингдек, ташкилот халқаро доирада ҳам фаолият кўрсатади. Хусусан, у ковид вакцинацияси ҳалоллиги бўйича жараёнда ҳам қатнашган.

Учрашувда ташкилот ва Ўзбекистон ўртасида диний таълимот бўйича кадрлар тайёрлаш, талабалар ва соҳа олимлари учун илмий тажриба алмашиш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу орқали диний-ахлоқий масалаларни халқаро майдонда кенг муҳокама қилиш юзасидан сўз борди. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоронинг зиёрат туризм салоҳияти, бу ерда кейинги йилларда зиёратчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг тўхталди.
– Бу ерга давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғи билан келганмиз, – деди Ботир Зарипов. –Асосий мақсадимиз икки мамлакат ўртасида туризм соҳасининг, айниқса, зиёрат туризмининг ҳали тадқиқ этилмаган саҳифаларини очиш, мусулмон давлатларида ислом маданияти цивилизациясини янада ривожлантириш, давлатлараро зиёрат туризмини кучайтириш, шунингдек, туризм соҳасидаги тадбиркорликни оширишдан иборат.
Учрашувда Бухорога сайёҳларни жалб қилиш, Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Ҳафс Кабир, етти пир каби Бухородан етишиб чиққан улуғлар ҳақида ҳамкорликда ҳужжатли фильм тайёрлаш, ислом давлатлари, жумладан, Индонезиядаги оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этиш, “Ҳалол туризм хизматлари” бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борадаги ҳамкорлик истиқболларига ишонч билдирилди.
Бухоро вилояти делегациясининг ташриф дастурига кўра Garuda Indonesia ҳаво йўллари компанияси вице президенти Данни Утомо билан учрашув ўтказилди. Унда туризм соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Хусусан, мамлакатларимиз ўртасида туризмни ривожлантириш, айниқса, Бухорога зиёрат қилувчи индонезияликлар сонини ошириш мақсадида Бухоро ва Жакартани боғловчи тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, замонавий инфратузилма ва туризмнинг янги турларини ташкил этиш, хорижий сайёҳлар оқимини босқичма-босқич қайта тиклаш учун зарур шароит яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида Данни Утомога маълумот берилди.
Шунингдек, Данни Утомо Ўзбекистон ҳукуматининг ҳудудий аэропортлар, хусусан, Бухоро ва Самарқандда “очиқ осмон” режимини жорий қилиниши, хорижий авиакомпаниялар томонидан чартер рейсларини ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида авиация бозорини либераллаштириш бўйича қарорлари билан таништирилди.
–Индонезияликлар, жумладан, менинг онам ҳам Бухорий юртини кўришга ҳавасманд, – деди Данни Утомо. – Шу боис бизнинг маҳаллий авиакомпаниямиз томонидан амалга ошириладиган авиарейсларни Мускат орқали Бухорий юртини ҳам зиёрат туризми пакетига қўшиш истагидамиз.
Учрашув якунлари бўйича Garuda Indonesia авиакомпанияси билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда Жакарта – Бухоро – Жакарта йўналишида ҳафтада бир марта ҳаво қатновларини ташкил этиш билан боғлиқ масалани батафсил муҳокама этишга келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА