Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон илмий салоҳияти экспорт қилинмоқда (+видео)
13:48 / 2025-06-02

Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий - сиёсий муносабатларда юксак даражага эришди. Энди эса маънавият соҳасида, жумладан, илм- фан йўналишида ҳам ҳамкорлик янги босқичга етмоқда.

Масалан, 2024 йилда икки давлат раҳбарларининг  қарори билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетининг Олмота шаҳрида филиали ташкил этилди. У Қозоғистон Миллий аграр тадқиқот университети таркибида фаолият юритяпти. Ҳозир бу ерда Қозоғистон сув хўжалиги учун ихтисослашган муҳандислар тайёрланмоқда. Бу аслида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликнинг бошланиши.

– Ҳозирги вақтда 2-курс талабалари Тошкент шаҳрида ирригация университетида амалиёт ўтамоқда. 1-курс талабалари эса таълим олишда давом этяпти, – дейди Олмота филиали раҳбари Абдураҳим Бердишев. – Қозоғистон Республикаси 2025-2026 ўқув йили учун бакалавр таълимига 100 ўрин, магистратурага 10 та ва докторантурага 3 ўрин грант ажратди. Ўрта Осиё мамлакатларининг ёшлари келиб бемалол бу ерда ўқишлари мумкин.

Тошкентдаги бош институтнинг етук олим ва мутахассислари Олмота шаҳридаги филиалда махсус ўқув курслари бўйича таълим беришга келишяпти. Ҳамкорликда Қозоғистон гидромелиорация муаммоларини тадқиқ этиб, илмий мақолалар, дарсликлар яратишмоқда.  

– Икки мамлакат олимлари бирлашиб, илмий мақолалар, монографиялар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ёзишга киришдилар. Ҳозиргача 2 та монография, 4 та ўқув қўлланма тайёрлаб берилди, – дейди Абдураҳим Бердишев.

Ўзбекистон олий ўқув юртининг Олмотадаги филиалида юқори савиядаги малакали мутахассислар тайёрлаш учун барча зарур техник шароитлар яратилган. Ўқув жиҳозлари, замонавий воситалар, гидромелиорациянинг электрон макетлари мавжуд бўлиб, улар талабалар чуқур билим олишига кўмаклашмоқда.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти  Миллий тадқиқот университетининг Қозоғистонда филиали очилиши Ўзбекистон илмий салоҳиятининг экспортига қўшилган муносиб ҳиссадир.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-fZytQpanOU" title="O`zbekiston ilmiy salohiyati eksport qilinmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА