French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон илм-фанида рақамли трансформация
17:28 / 2026-02-28

Тошкент шаҳрида “Илмий тадқиқотчилар ва инноваторлар ассоциацияси” ҳамда “Science and Innovation” компанияси ҳамкорлигида “Замонавий илмий тадқиқотларда рақамли платформалар ва самарадорлик” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

Мазкур семинар мамлакатимиз илм-фани ривожида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган муҳим стратегик мулоқот майдони сифатида намоён бўлди.

Ҳозирда илмий натижаларнинг тезкор эълон қилиниши, очиқ маълумотлар алмашинуви, шаффоф баҳолаш мезонлари ва халқаро интеграция илм-фан тараққиётининг асосий омилларига айланган. 

Семинар айнан шу жараёнларни тизимлаштириш ва илмий инфратузилмани замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалаларига бағишланди.

Семинарда “Science and Innovation” компанияси таъсисчиси ва бош директори Бахтиёр Рустамов илмий журналлар фаолиятини рақамлаштириш ва бошқарув тизимларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. У илмий платформалар фақат техник восита эмас, балки илмий экотизимни бошқарувчи инфратузилма эканини қайд этди.

“Clarivate” компаниясининг Ўзбекистондаги минтақавий вакили Диана Абдумўминова эса халқаро индексация тизимлари, хусусан “Web оf Science” платформасининг баҳолаш мезонлари ҳақида маълумот берди. Бу маҳаллий илмий нашрларни глобал илмий маконга олиб чиқишда муҳим босқич ҳисобланади.

Семинар доирасида 6 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, тантанали равишда тақдирланди. 

Шунингдек, энг фаол муаллиф, энг намунавий журнал ҳамда “Web оf Science” базасида энг юқори h-index’га эга муаллифлар ҳам тақдирланди. Бу каби ташаббуслар илмий муҳитда соғлом рақобат ва сифатга интилиш тамойилларини кучайтиради.

Семинар доирасида “Science and Innovation” компанияси ва “Илмий тадқиқотчилар ва инноваторлар” ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат илмий инфратузилмани ривожлантириш, платформаларни интеграциялаш ва илмий жараёнларни мувофиқлаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Бу келишув миллий илмий экотизимни ягона стратегик йўналишда ривожлантириш, халқаро стандартларни жорий этиш ва илмий натижаларнинг глобал майдондаги кўринишини оширишга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган ушбу семинар Ўзбекистон илм-фанида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, наукаметрия маданиятини шакллантириш ва академик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мазкур ташаббуслар изчил давом эттирилса, илмий инфратузилма замонавий халқаро стандартларга мослашиб, ўзбек олимларининг глобал илмий ҳамжамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА