Ўзбекистон 2028 йил илк миллий илмий сунъий йўлдошни орбитага чиқаради. Айни пайт “Мирзо Улуғбек-6U” лойиҳасини амалга ошириш учун муҳандислик корпуси шакллантирилиб, мутахассислар тайёрланяпти. Шу билан бирга биринчи миллий космонавтни тайёрлаш бўйича ҳам иш бошланди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик фазогирнинг илк парвози қисқа, 10-14 кун давом этади. Самодаги тадқиқот йўналишлари сифатида тиббиёт ва биологияга доир масофавий ташхислаш, маҳаллий доривор аралашмалар самарадорлигини ўрганиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, коинотда ўсимликлар генетикаси бўйича қурғоқчилик ва тузга чидамли навларни синаш, ёпиқ қишлоқ хўжалиги биологик тизимларини таснифлаш ва манбашунослик илим доирасида иссиқликни тўплаш ва тарқатиш учун зарур модда, мато ва толаларни синовдан ўтказиш ҳам назарда тутилган.
Дарвоқе, 2028 йил Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Мазкур тадбирга АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия каби қудратли давлатлар ҳамда Европанинг қатор йирик мамлакатлари етакчи космик ташкилотлари вакиллари қатнашиш истагини билдирган.
Г.Сатторова, ЎзА