Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми экспертларни мулоқотга чорлайди
18:15 / 2023-05-12

Жорий йилнинг 18-20 май кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми ва унинг доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023”, “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари Power Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмалари ҳамда Энергетика халқаро анжумани бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бугун “Iteca Exhibitions" халқаро кўргазма компаниясида ташкил этилган матбуот анжумани мазкур халқаро тадбирларини ташкил этиш жараёнлари, иштирокчилар ва ундан кутилаётган натижаларга бағишланди.  

Таъкидлаш керакки, мазкур тадбирлар “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори –“ICA Eurasia” томонидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида ташкил этилмоқда.  

"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг қайд этишича, Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форумидан кўзланган мақсад маҳаллий ва хорижлик экспертларнинг ўзаро мулоқотини ташкил этиш, тажриба алмашиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз энергетика тизимининг интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади.  

[gallery-11852]

– Эътиборлиси, форумда энергетика соҳасини ривожлантириш режалари, хусусан, мамлакатимизда ва, умуман, минтақада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил этилади. Жаҳон тажрибаси асосида уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилиш бўйича давлат ҳокимияти, экспертлар ҳамжамияти ва хусусий бизнес вакиллари учун бу учрашув катта майдон ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Қозоғистон, Нидерландия, БАА, Хитой каби 24 давлатдан 50 нафар маърузачи ва 500 нафардан ортиқ делегат форумда иштирок этиш ниятини билдирди, – деди Н.Ҳайитбоева.  

Форум доирасида ташкил этиладиган “Яшил энергетика технологиялари – GETCA 2023” ихтисослаштирилган бўлимида глобал миқёсда тоза ва барқарор энергия масалалари таҳлилига эътибор қаратилади. Унда хорижий ва маҳаллий компаниялар, халқаро экспертлар ҳамжамияти вакиллари соҳага оид долзарб мавзулар юзасидан фикр юритади.  

Анжуманда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023” халқаро кўргазмаси лойиҳа директори Лола Зиёвуддинова форум доирасида ўтказиладиган кўргазмалар ҳақида маълумот берди.  

– Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023” халқаро кўргазмаси бу йил 25-маротаба, “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари Power Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмаси 16-маротаба ўтказилади. Унда 22 давлатдан 270 дан ортиқ компания ва корхоналар қатнашади. Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуининг барча павильонлари ва очиқ майдонида  ўз имкониятини тақдим этадиган иштирокчиларнинг 10 фоизи маҳаллий ва 90 фоизи хорижликдир, – деди Л.Зиёвуддинова.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири