Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси сессиясида иштирок этди
11:42 / 2022-05-27

Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 19-халқаро сессиясида иштирок этди.

Мамлакатимиз делегациясига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, ИҲТдаги доимий вакил, элчи Улуғбек Мақсудов бошчилик қилди.

Сессияда «ИҲТга аъзо давлатларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда Инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг аҳамияти» мавзуси муҳокама қилинди.

Анжуманнинг  тантанали очилишида комиссия раиси Ҳожи Али Ачикгюл ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси  аъзолари, ташкилотга аъзо давлатлар, кузатувчи мақомидаги давлатлар, Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича миллий институтлар вакилларини ҳамда халқаро ташкилотлар экспертларини қутлади.  

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликда илк маротаба ўтказилаётган ушбу сессияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тараққиётга кўмаклашишнинг энг муносиб моделларини шакллантириш истиқболлари, ИҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Мирзатилло Тиллабоев ўз чиқишида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий институтлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эришилган сўнгги муваффақиятлар ва мамлакатимизнинг БМТ инсон ҳуқуқлари тузилмалари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан яқин ҳамкорлигига оид маълумотларни ўртоқлашди.

Сессия доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида Ўзаро англашув  меморандуми имзоланди.

Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан Мирзатилло Тиллабоев, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси номидан -  комиссия раиси Ҳожи Али Ачикгюл имзолади.

ЎзА