Спорт – бу нафақат жисмоний куч, балки ирода ва сабр-матонат синовидир. Бундай синовлардан шараф билан ўтаётган ёшларимиз орасида Нурхон Қурбонова алоҳида эътиборга лойиқ. У Фарғона давлат университети спорт фаолияти факультети талабаси, пара енгил атлетика бўйича иқтидорли спортчи, мамлакатимизнинг Паралимпия терма жамоаси аъзосидир.
Нурхон Қурбонова найза, диск ва ядро улоқтириш спорт турлари бўйича мутахассислашган. Унинг спорт майдонидаги муваффақиятлари нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ареналарида ҳам юксак эътирофга сазовор бўлди.
2020 йилги Токио Паралимпия ўйинларида Нурхон кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Бу унинг халқаро спорт майдонларидаги илк катта ютуғи эди. Шундан сўнг у ўз устида янада кўпроқ ишлаб, улкан натижаларга эришди.

2023 йил Париж шаҳрида ўтказилган Пара енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида у найза улоқтириш ва ядро улоқтириш йўналишларида олтин ва бронза медалларини қўлга киритди. Шу йили Кобеда (Япония) ташкил этилган яна бир жаҳон чемпионатида ҳам у шонли натижаларни қайд этиб, икки турда – найза ва ядро улоқтиришда олтин ва бронза медаллари билан тақдирланди.
2022 йил Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган Осиё Пара ўйинларида Нурхон Қурбонова ўзининг маҳорати ва тайёргарлигини яна бир бор намоён этди. У бу мусобақада найза улоқтиришда олтин, ядро улоқтиришда эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Нурхон Қурбонованинг энг сўнгги ютуғи – 2024 йилги ёзги Паралимпия ўйинларида қайд этилди. У ядро улоқтиришда 7,75 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди. Эътиборлиси, у найза улоқтиришда 21,12 метр натижа кўрсатиб, нафақат Паралимпия, балки жаҳон рекордини ҳам янгилаб, олтин медални ютиб олди.
Унинг бундай юқори натижалари юртимизда ҳам муносиб қадрланди. Нурхон Қурбоновага “Ўзбекистон ифтихори” давлат унвони берилди.
Нурхон Қурбонова ўз ҳаёти ва фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлмоқда. Унинг сабр-тоқат ва ғайрати, юртимиз байроғини халқаро ареналарда баланд кўтаришга бўлган интилиши ҳар қандай инсонда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/IaoeeqB7MkQ?si=nu8VnJBRPNta1RLy" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нуриддин Раҳмонов,
ФарДУ ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА