“Жаҳон одил судлови” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2025 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 143 та давлат орасида 81-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан 2 поғонага юқорилади.
Мазкур рейтинг ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупцияни жиловлаш, очиқ ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, ҳимоя ва хавфсизлик, қонун назорати, фуқаролик судлови, жиноий судлов даражаси каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилади.
Ҳисоботда Ўзбекистон йил давомида ҳуқуқ устуворлиги соҳасида энг катта ютуққа эришган давлатлар қаторида алоҳида эътироф этилган. Бу эса мамлакатимизда адолатни таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар самарасидир.
Индекс таркибидаги 8 та баҳолаш мезонидан 5 тасида мамлакатимиз кўрсаткичлари яхшиланган, 1 тасида эса ўзгаришсиз қолган.
Қайд этиш жоизки, индекснинг “тартиб ва хавфсизлик” мезони бўйича Ўзбекистон 17-ўринни сақлаб қолиб, МДҲ давлатлари орасида етакчи бўлди ҳамда АҚШ, Германия, Нидерландия, Бельгия ва Буюк Британия каби давлатларни ортда қолдирди.
Шу билан бирга, ҳукуматнинг очиқлиги ҳамда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мезонларида Ўзбекистонга берилган балларда пасайиш кузатилиб, бу борадаги ишларни яхшилаш ва ислоҳотларни изчил давом эттириш тавсия этилган.
Н.Абдураимова, ЎзА