Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ҳудудларда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш: ютуқ ва имкониятлар
21:03 / 2025-09-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Ўзбекистон ҳудудларда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш: ютуқ ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда иқтисодиёт, молия ҳамда экология ва иқлим ўзгариши соҳаларига масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар (БМТ Тараққиёт дастури, ГИЗ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқалар) мутахассислари, хорижий экспертлар ҳамда маҳаллий олим ва амалиётчилар иштирок этди.

Академия ректори Жасур Солиҳов “Яшил иқтисодиёт” – бу фақат иқтисодий ислоҳотлар эмас, балки ижтимоий фаровонлик, аҳоли саломатлиги, янги иш ўринлари яратилиши ва келгуси авлодлар учун муносиб ҳаёт муҳитини таъминлаш эканини қайд этди. 

БМТ томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари 2015-2030 йилларга мўлжалланган глобал кун тартибини белгилаб берди. Унда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. 

[gallery-25485]

Лекин инсоният бугун иқлим ўзгариши, табиий ресурслар танқислиги, экологик мувозанат бузилиши каби жиддий таҳдидлар билан тобора кўпроқ тўқнашмоқда. 

Швейцария томонидан молиялаштирилган “Ҳудудларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Япония ва Сингапурдан келган нуфузли халқаро экспертлар иштирок этгани тадбирнинг халқаро аҳамиятини янада оширди.

Академия ушбу жараёнларда илмий ва амалий асосларни мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари учун замонавий билим ва кўникмаларни бериш, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитга мослаштириш борасида фаолият юритаётгани айтиб ўтилди.

Шу сабабли, халқаро ҳамкорлар – UNDP, GIZ, KOICA, JICA, Жаҳон банки, Швейцариянинг иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик янада кенгайтирилмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон ҳудудларида «яшил» иқтисодиёт бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар, барқарор атроф-муҳит бошқаруви ва иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнлари, Сингапур тажрибаси асосида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш амалиёти, Урганч шаҳрида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегик ташаббуслар тақдимоти, «яшил» молия механизмлари, тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари, маҳаллий ҳокимлик органларининг ушбу йўналишдаги роли ва ваколатлари каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Конференция давомида икки шуъбада ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, ҳудудий ташаббусларни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, барқарор бизнес моделларини яратиш ҳамда ходимларнинг салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Конференция якунида “Ўзбекистон ҳудудларида “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш” лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, халқаро ҳамкор ташкилотлар вакилларининг таклиф ва тавсиялари тингланди.

Конференция мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилашни мақсад қилгани билан муҳим аҳамият касб этди. 

Н.Абдураимова, Р.Назарматов (сурат), ЎзА