Бугун Ўзбекистон ва Хорватия Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 31 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқа сиёсий, иқтисодий, парламентлараро, миграция, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ҳолда изчил ривожланди.
Сиёсий мулоқот доирасида 2024 йил декабрь ойида Хорватия ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Г.Грлич Радманнинг Тошкентга илк расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва келишув тўғрисидаги баённома имзоланди. Учрашувда товар айирбошлаш, туризм алоқаси ва дипломатик мулоқотни чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Табиийки, иқтисодий соҳада кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. 2025 йил 23 июль куни мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири ЛазизҚудратов ҳамда Хорватия иқтисодиёт вазири Анте Шушняр ўртасидаги онлайн музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сармоявий алоқани кенгайтириш ҳамда 2026 йил режаси бўйича қўшма тадбирлар дастурини тасдиқлаш мавзулари кўтарилди.
Парламентлараро ҳамкорлик йил сайин ривожланмоқда. Ҳар икки давлатда парламентлараро гуруҳлар аъзолари онлайн учрашувларда қонун ижодкорлиги, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва ахборот технологиялари йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришмоқда. Шунингдек, томонлар инновация, транспорт ва логистика соҳаларида ҳам қўшма ташаббуслар амалга оширишда манфаатдорлигини таъкидлаб келади.
Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборда. Бу борада Ўзбекистон делегацияси Хорватия расмийлари билан иш топиш имконияти, тил ўрганиш дастурлари ва фуқаролар ҳуқуқи муҳофазаси бўйича учрашувлар ўтказди. Ушбу мулоқотлар натижасида икки томонлама миграция ва ҳаракатлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ишлаб чиқишга келишилган.
Туризм соҳасида ҳам амалиёт мавжуд. Масалан, ўтган йил октябрда Загреб шаҳрида бўлиб ўтган “Uzbekistan – The Pearl of the Silk Road” мавзусида туризм форумида мамлакатимизнинг тарихий ва маданий салоҳияти ҳамда инвестиция имконияти хорват туризм тузилмаларига тақдим этилди. Мазкур ташаббус икки мамлакат ўртасида туризм бозорини кенгайтириш ва бутун дунё бўйлаб сайёҳларни юртимизга жалб қилиш имконини беради.
Маданий-гуманитар йўналишда ҳам фаол алоқалар йўлга қўйилган. Элчихонамиз масъуллари Европанинг ушбу мамлакатидаги етакчи маданий муассасалар билан кино, адабиёт, санъат ва ижодий алмашинувни ривожлантириш мақсадида музокаралар ўтказди. Муҳокама натижасида 2026 йил Ўзбекистон ва Хорватия кино кунларини ўтказиш, қўшма анимация лойиҳаларини илгари суриш режаси белгиланди.
Бундай кенг қамровли сиёсий, иқтисодий, парламентлараро, миграция ва маданий лойиҳалар икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболли эканини яққол кўрсатади. Ўзаро муносабатлар узоқ масофага қарамай, ҳам иқтисодий манфаатларни кўзлаб, ҳам инсон капитали ривожига йўналтирилган тарзда давом эттириляпти.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА