Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон — Хорватия ҳaмкoрлик алоқалари кенгайиб бормоқда
09:59 / 2026-02-17

Хорватия Парламенти Конституция, регламент ва сиёсий тизим қўмитаси раиси Иван Маленица бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.

Мулоқот аввалида Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов меҳмон томонига Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Ўз навбатида, И.Маленица самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Халқ дипломатияси икки томонлама муносабатларнинг барқарор таянчи сифатида алоҳида ўрин тутиши, парламентарийлар олий даражадаги келишувларнинг назоратини олиб боришлари, халқаро алоқаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланишига ҳисса қўшишлари муҳимлиги таъкидланди.

Олий Мажлисда Хорватия Парламенти билан билан ҳамкорлик бўйича “дўстлик гуруҳи” тузилгани икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани урғуланди.

***

Шу куни Олий Мажлиснинг Хорватия Республикаси Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон — Хорватия муносабатлари янги суръат билан ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртaсидaги ҳaмкoрлик алоқалари кенгаётгани эътироф этилди.

И.Маленица икки давлат муносабатлари анча фаоллашгани, жумладан, минтақавий ва халқаро доирадаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини юқори баҳолаб, парламентлараро алоқаларнинг ривожланиши мазкур муносабатларни ҳар томонлама тараққий топишига замин яратишини қайд этди.

Суҳбат чоғида томонлар парламентлараро ҳамкорликни чуқурлaштириш учун дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, ўзаро ташрифлар алмашинувини изчил давом эттириш зaрурлигини қайд этди.

М.Комилова, ЎзА