Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Женева шаҳрида ўтказилган Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси доирасида ХМТ Халқаро меҳнат стандартлари департаменти директори Корин Варга билан музокара ўтказди.
Мулоқот чоғида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасида инсон қадр-қиммати ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мазкур йўналишда халқаро стандартларни реал ва изчил жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида ХМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги бугунги муносабатлар мустаҳкам ва ишончга асосланган ҳолда ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Халқаро меҳнат ташкилоти департаменти директори Ўзбекистон томонига ХМТ билан конструктив ҳамкорлик қилиш йўлидаги қатъият ва сиёсий ирода учун миннатдорлик билдирди.
– Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг кўп йиллик ҳамкори ва шу ҳамкорлик натижасида ўзига хос тажриба тўпланди, – деди К.Варга. – Бу тажрибадан биз бугунги кунда бошқа давлатлар билан мулоқот ўрнатишда самарали фойдаланмоқдамиз. Мамлакатингиз ХМТ учун бошқа давлатлар, айниқса, Марказий Осиё минтақасида ўзига хос намуна бўла олишини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Учрашув сўнгида ХМТ конвенцияларини ратификация қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА