Халқаро Меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан Женевада ўтказилган Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси доирасида Сенат раиси Танзила Норбоева АҚШ меҳнат вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари Теа Ли ҳамда АҚШнинг халқаро меҳнат масалалари бўйича махсус вакили Келли Фэй Родригес билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот чоғида меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
– Меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик самарали бўлмоқда, – деди Танзила Норбоева. – Реал натижаларга эришиб, меҳнат соҳасидаги муаммонинг сиёсий қисмини ҳал қилганимиздан сўнг асосий амалий иш кўлами бошланди. Яъни муносиб бандлик шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш устувор вазифага айланди.
Теа Ли Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ХМТ билан ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолади. Ўзбекистон ХМТ ва ташкилотга аъзо асосий давлатлар билан болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласида қисқа вақт ичида конструктив ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришганини олқишлади.
Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан манфаатдор идоралар билан маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.
Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар федерал вазири Хубертус Хайл билан кечган музокараларда эса асосий эътибор ушбу мамлакат билан биргаликда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, бандлик дастурларини ижтимоий ҳимоя билан боғлаш ва ушбу тармоқларни рақамлаштириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди.
Т.Норбоева йил сайин қамрови кенгайиб бораётган олий даражадаги сиёсий мулоқот туфайли мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, шу жумладан, меҳнат муносабатлари йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, меҳнат соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, иш берувчилар салоҳиятини ошириш борасида Германия тажрибаси муҳимлигини таъкидлади.
Х.Хайл икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикасига тўхталиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очаётган меҳнат муносабатлари соҳасидаги келишувларни юқори баҳолади. Германия меҳнат жараёнларини фаоллаштириш ва бунинг учун ишончли ҳуқуқий асос яратиш орқали иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди.
ХМТнинг БМТдаги махсус вакили Беате Aндреес билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Т.Норбоева ўз сўзида Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига риоя қилишга содиқлигини, бу йўналиш сиёсатимизда устувор бўлиб қолишини, ХМТ билан изчил ҳамкорликни меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Беате Aндреес минтақавий идоранинг Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлиги давом эттирилишини таъкидлади.
– Мамлакатингиз қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар туфайли минтақа давлатлари орасида илғор ўринни эгаллайди, – деди Б.Андресс. – Ташкилотимиз билан янада очиқ ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонда сиёсий ирода мавжудлигини амалда ҳис қиляпмиз. Шу муносабат билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ХМТ минтақавий ваколатхонасининг устувор эътиборида бўлади.
Н.Абдураимова, ЎзА