Куни кеча “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Xiamen ITG” компанияси вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, учрашув чоғида улар полиэстер ва бошқа турдаги хомашёни тарқатиш марказини очиш учун тўқимачилик омборини ташкил этиш, сотувга қўйилган йигирув фабрикалари ҳамда Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини харид қилиш бўйича савдо операцияларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.
Ўз навбатида, мамлакатимизнинг тўқимачилик саноат зоналарида қўшма лойиҳалар яратиш учун Хитой тўқимачилик компанияларини жалб қилишга кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тўқимачилик саноати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича яна бир муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА