Хитойнинг Нанжинг шаҳридаги “First Affiliated Hospital of Nanjing Medical University” клиникаси етакчиси, профессор Фанн Жининг бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида бўлди.
Филиалда кечган самимий мулоқотда ўзига хос тажриба, амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлари, ёш мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларида эришилаётган ютуқлар, белгиланган долзарб илмий-амалий вазифалар хусусида атрофлича мунозара юритилди.


Хорижлик меҳмонлар ҳам икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш борасидаги режалари ҳақида тўхталди. Якунда РШТЁИМ Бухоро филиали билан “First Affiliated Hospital of Nanjing Medical University” клиникаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


–Эндиликда мазкур меморандум асосида марказ етакчи шифокорлари Хитой давлатига сафар қилиб, клиника фаолиятини яқиндан ўрганиб, малака ошириш имкониятига эга бўлди, –дейди филиал директори вазифасини бажарувчиси М. Ражабов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири