Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой: Тиббиёт технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
14:27 / 2025-08-26

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шэньчжэнь шаҳрида иш сафари билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида тиббиёт технологиялари, лаборатория диагностикаси ҳамда соҳадаги халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бир қатор муҳим тадбир ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Делегация аъзолари дастлаб Shenzhen New Industries Biomedical Engineering (SNIBE) компанияси ташаббуси билан ташкил этилган, замонавий лаборатория ускуналари тақдимотига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этдилар. Ушбу анжуман 161 мамлакатдан 400 нафардан зиёд делегатни жамлаган бўлиб, унда биотиббиёт муҳандислиги ва лаборатория диагностикаси соҳасидаги етакчи халқаро мутахассислар ўз маърузаларини тақдим этди.

Анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарход Ташпулатов иштирок этиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан Хитой билан олиб борилаётган стратегик шериклик, шунингдек SNIBE компанияси билан амалга оширилган қўшма лойиҳалар ва истиқболдаги ҳамкорлик режалари ҳақида сўз юритди.

Қайд этиш жоиз, 2024 йили Ўзбекистон ва SNIBE компанияси ҳамкорлигида умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган иккита грант лойиҳаси амалга оширилди. Бу лойиҳалар доирасида мамлакатимизнинг тиббиёт муассасаларига 125 дона замонавий лаборатория диагностика ускуналари етказиб берилди. Мазкур ускуналар соғлиқни сақлаш тизимида диагностика сифатини яхшилаш, натижалар аниқлигини ошириш ҳамда тиббий хизматларга аҳоли эҳтиёжини янада тўлиқ қондириш имконини берди.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Шэньчжэнь шаҳрининг Пиншан туманидаги 800 ўринли марказий шифохона фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур тиббиёт муассасасида нафас йўллари касалликлари, гастроэнтерология, неврология, эндокринология, ревматология ва иммунология, гинекология каби амбулатор йўналишлар, шунингдек, радиология, лаборатория, ультратовуш диагностикаси ва фармацевтика бўйича тиббий технологиялар бўлимлари самарали фаолият олиб бормоқда.

Делегация шифохонада SNIBE компанияси томонидан ўрнатилган лаборатория ускуналари, қон топшириш жараёни, турли моделдаги автоматлаштирилган анализаторлар билан ишлаш тартиби ва технологик жараёнлар билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида, шунингдек, делегация аъзолари SNIBE компаниясининг бош қароргоҳида ҳам бўлиб, бу ердаги бошқарув, ишлаб чиқариш ва тажриба майдонлари, лаборатория диагностикаси соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва илмий-амалий ишланмалар билан танишдилар.

Музокаралар якунида томонлар тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан:

— тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш;

— янги лаборатория технологияларини жорий этиш;

— қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;

— борасидаги режалар юзасидан келишувларга эришдилар.

Ҳамроз Баянов,ЎзА