Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – Хитой: ШҲТ доирасида ҳамкорлик” деб номланган фотокўргазма ташкил этилди.
Мазкур ижодий лойиҳа Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари таҳририяти, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фотокўргазманинг очилишида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, “Ишонч” – “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қурдатхўжа, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов мамлакатимизда Хитой Халқ Республикаси билан иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий ижтимоий-гуманитар алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
[gallery-24788]
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли дунёнинг турли давлатлари билан тенг, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган, яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда айниқса, ШҲТ доирасидаги фаолиятнинг янги босқичга кўтарилгани Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги мавқеини тобора мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳамкорликдаги дастурларни амалга оширишда медиа соҳаси вакиллари, айниқса, Ўзбекистон журналистлари, фотомухбирлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар наинки ШҲТ расмий учрашувлари, саммит ва форумларини, балки мазкур нуфузли ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий алоқаларини ҳам кенг ва теран таҳлилий ёндашув асосида ёритмоқдалар.
Айтиш керакки, фотография – давр муҳри саналади. Ўзбекистон ва Хитойнинг ШҲТ доирасидаги ҳамкорлигини ёритиш жараёнидаги медиа материаллар шуниси билан аҳамиятлики, улар тарихда қолади, йиллар, давр силсиласи учун ғоят қимматли манба саналади.
[gallery-24789]
“Ўзбекистон – Хитой: ШҲТ доирасида ҳамкорлик” номли кўргазма ва танлов учун мамлакатимиз фотоижодкорларидан 500 дан ортиқ фотосурат келиб тушди. Ҳайъат аъзолари томонидан улардан 94 таси танлаб олиниб, кўргазма экспозициясига жойлаштирилди.
Мазкур фотокўргазма Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик, ташқи сиёсат соҳасидаги мисли кўрилмаган дадил қадамларини кўрсатиши билан бирга, Ўзбекистон ва Хитойнинг ШҲТ доирасидаги ҳамкорлигини ҳам батафсил очиб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда танловда ижодий ишлари энг яхши деб топилган фотожурналистлар тақдирланди.
Мазкур кўргазма бир ҳафта давом этади.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлар