Бугунги кунда Ўзбекистон – Хитой ўртасида ўзаро ишончга асосланган яқин алоқалар ўрнатилмоқда. Бу нафақат сиёсий-ижтимоий, балки иқтисодий-инвестициявий йўналишларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Хусусан, бундай ҳамкорлик иқтисодиётнинг энг асосий драйверларидан бири – қурилиш материаллари йўналишида ҳам янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўлим бошлиғи Баҳром Аллабергенов Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида қурилиш материаллари соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари хусусида тўхталиб ўтди:
– Албатта, соҳа равнақида халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар қурилиш соҳасида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кенг имконият яратиб бермоқда.
Биргина 2023 йилда икки давлат ўртасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 58 та лойиҳа доирасида 978,6 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу – гулқоғоз, керамик плитка, табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, гипсокартон листлари ҳамда арматура каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалардир.
Хусусан, Сирдарё вилоятида “Hongrun wallpaper production” МЧЖ ҚК томонидан 5 миллион доллар ҳисобига йилига 1 миллион рулон гулқоғоз ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. Фарғона вилоятида эса 30 миллион доллар ҳисобига йилига 30 миллион квадрат метр гипсокартон ва металл профиллар ишлаб чиқариш имкониятига эга “BNBM Building Materials Сentral Asia“ МЧЖ ХК фойдаланишга топширилди. Навоий вилояти “TIANCНENG STONE“ МЧЖ ХК томонидан 15 миллион доллар ҳисобига 100 минг метр куб гранит тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ташкил этилди.
Галдаги режаларга келсак, 2024 йилда Хитой инвестицияси иштирокида 76 та лойиҳа 2,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган. Ўзлаштирилиши кутилаётган инвестициялар базальт тошидан иссиқлик сақловчи материаллар, газобетон блоклари, арматура, керамик плиткалар ва санитар-техник буюмлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида “Accord vision“ МЧЖ томонидан 6 миллион доллар ҳисобига йилига 500 минг дона сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Тошкент вилоятида эса “Hua tao ceramic group“ МЧЖ ХК томонидан йилига 3,6 миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Қорақалпоғистон Республикасида ”Karakalpak basaltwool“ МЧЖ томонидан 58,2 миллион доллар ҳисобига йилига 30 минг тонна базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.
Албатта, бундай манфаатли алоқаларнинг мустаҳкамланиб бориши икки давлат раҳбарларининг узоқни кўра оладиган сиёсати ва бир-бирига бўлган дўстона ишончига боғлиқдир.
Жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи билан боради. Унда томонлар ўртасида учрашувлар кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди