Тошкент фотосуратлар уйида халқаро маданий алоқаларнинг юксак намунаси бўлмиш “Ажойиб Хитой, гўзал Шинжон” фотокўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Тасвирий санъат орқали икки давлат халқлари ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш ва ўзаро ижодий алмашинувни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилган кўргазма Шинжон–Уйғур автоном раёни ташкил этилганининг 70 йиллигига бағишланди.

Унда Шинжон ижодкорлари яратган классик ва замонавий тасвирий санъат асарлари, бадиий суратлар, миллий урф-одатлар, тарихий хотира ва замонавий тараққиётни акс эттирувчи бадиий образлар, бетакрор табиий манзараларни тасвирловчи ижодий дурдоналар намойиш этилди.

–Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ришталари Буюк Ипак йўли давридан бошлаб бугунги кунгача давом этиб келмоқда, –деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ю Жун. – Асрлар оша шаклланган бу яқинлик бугун янги мазмун касб этмоқда. Икки давлат раҳбарлари олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли алоқалар ҳар қачонгидан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик босқичига чиқди. “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида халқларимиз маданий жиҳатдан ҳам тобора яқинлашиб, санъат орқали дўстлик ва ўзаро тушунишни янада мустаҳкамламоқда.

–Санъат — бу қалблар тили, у миллат ва макон чегараларини енгиб ўтади, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур. – Бугун биз Шинжоннинг ранг-баранг бадиий манзараларини Тошкентда томоша қилар эканмиз, бу нафақат санъат намойиши, балки икки халқ дўстлигининг янги ифодасидир. Ушбу кўргазма Ўзбекистон Бадиий академиясининг халқаро маданий ҳамкорлик майдонида тутган ўрнини янада мустаҳкамлаб, бадиий тафаккур орқали халқларимизни яқинлаштираётганини кўрсатади.

Тадбирда қайд этилганидек, “Ажойиб Хитой, гўзал Шинжон” кўргазмаси икки халқнинг муштарак қадриятлари, дўстона ришталари ва келажакдаги ҳамкорлик истиқболларини ёрқин ифода этиб, Ўзбекистон–Хитой маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Кўргазма 30 августгача давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА