Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой: ўзаро ҳамкорлик ҳар томонлама имкониятлар эшигини очади
12:27 / 2024-01-25

Ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик ҳар томонлама имкониятлар эшигини очади. Ўзига хос тарихга эга бўлган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари бунга яққол мисолдир.

Мозийга бир назар ташлаш орқали ҳар иккала халқ учун хайрли ва ҳар томонлама манфаатли ижобий натижаларга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу нафақат иқтисодий, балки халқ хўжалигининг деярли барча жабҳаларида ўзаро алоқалар бўлганини кўриш мумкин. Бу тарихий тараққиёт тақозоси, аслида. Айниқса, маданий соҳадаги ҳаракатларнинг ўрни ҳам эътиборга молик бўлган. Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг айнан Чин элидан экани, тоғу тошларни кесиб сув чиқариши, элни обод қилишдаги ҳаракатларини эслашнинг ўзи кифоя.  

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Хитой Халқ Республикаси билан олиб борилаётган ҳамкорлик ва дўстлик ришталари ўзининг таг заминига эга.  

Яқин йиллардаги, аниқроғи, мустақиллик давридаги ушбу ҳамкорликнинг, дипломатик муносабатларнинг хронологик асоси ҳам шу фикрни тасдиқлайди. Қолаверса, Хитой Халқ Республикаси биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон мустақиллигини тан олган.  

Марказий Осиё ва Хитой муносабатлари илдизи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади. Бугунги даврда ҳам Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик стратегик шериклик даражасида. Дипломатик муносабатлар 1992 йил 2 январдан ўрнатилган.  

2022 йил 15 сентябрда янги даврда кенг қамровли стратегик шериклик ўрнатилди. 1991 йилдан буён икки давлат раҳбарлари иштирокида 21 та саммит бўлиб ўтгани ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам ва истиқболли эканидан далолат.  

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой ўртасида жами 283 та ҳужжат, жумладан: 113 та давлатлараро ва ҳукуматлараро халқаро шартномалар, 82 та идоралараро ва 88 та бошқа турдаги ҳужжатларнинг имзолангани ҳам риштанинг тобора мустаҳкам бўлиб бораётганини англатади.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи билан боргани ҳамкорлик масалаларини янада юқори босқичга кўтарди.  

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой раҳбари 2023-2027 йилларга мўлжалланган икки давлат ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилди.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин қўшма баёнотни имзолади ва 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан ХХР ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилди.  

Етакчилар томонидан имзоланган ҳужжатлар орасида соҳамизга бевосита ва билвосита дахлдорлари ҳам борлиги бизни мамнун этди. Жумладан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Хитой Божхона бош маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган музлатилган парранда гўштининг инспекция, карантин ва ветеринария-санитария талаблари тўғрисидаги баённома, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Хитой Божхона бош маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга узум экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисидаги баённомалар, Ўзбекистон “Паррандасаноат” уюшмаси билан Хитой Чорвачилик уюшмаси ўртасида паррандачилик соҳасидаги битимлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир.  

Шунингдек, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети Хитойнинг кўплаб университетлари билан ҳамкорлик қилиб келади.  

Жумладан, Шимолий-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети билан ҳамкорликда 100 000 АҚШ доллар қийматга эга ақлли қишлоқ хўжалиги пилот лойиҳаси университетнинг Ўқув-илмий полигонида ўрнатилган. Ушбу кичик модел университетнинг лабораториясида ўрнатилган бўлиб, талабаларнинг амалий-лаборатория кўникмаларини оширишда фойдаланиб келинмоқда.  

"Tianye Group" корхонаси билан ҳамкорликда сув тежовчи технологиялар мавзусида бир ҳафталик илмий семинарлар ташкил этилди. "SuperMap Software Co. Ltd" корхонаси билан ҳамкорликда университетимизда "SuperMap" дастурини ўргатиш курсларини ташкил этилган. Талабаларнинг Хитой олий таълим муассасаларида малака ошириши йўлга қўйилган. Университетимизда айни дамда 14 нафар хитойлик талаба таҳсил олмоқда.  

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Хитой билан муносабатлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Бу икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига, ҳозирги замон талабларига тўлалигича мос ва хосдир.  

Маданий-гуманитар соҳада Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг янги босқичга кўтарилишига нафақат савдо, коммуникация, балки туризм соҳаси ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг қадимий тарихий маданиятига оид ёдгорликлари ҳамиша чет эллик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келган.  

Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кенг савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни кенгайтиришни ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларни устувор йўналиш, деб ҳисоблайди. Икки томонлама Савдо-иқтисодий битимга кўра, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган. Кейинги уч йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасидаги шериклари орасида Хитой биринчи ўринни эгаллаб келаётгани ҳам фикримизнинг далилидир. Жумладан, бу борада Ўзбекистоннинг товар экспорти 17,7 фоизни, хизматлар экспорти эса 12,8 фоизни ташкил этиб, савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан 1,6 бараварга ўсганини кўриш мумкин.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Хитой” саммитидаги нутқида Ўзбекистон Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ғоясини фаол қўллаб-қувватлаши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам мақсадларнинг муштараклигини англатибгина қолмай, балки барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, бутун Марказий Осиёга ижобий таъсир кўрсата оладиган муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳим ва устувор мақсадларини ифода этади.  

Хулоса ўрнида айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг ХХРга давлат ташрифи ҳар томонлама манфаатли, самарали ва натижадор бўлиши аниқ.  

 

Раҳимбой Жуманиёзов,  

“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети матбуот хизмати раҳбари