Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Хитой: Кимё саноатига замонавий технологиялар жорий этилади
15:47 / 2025-12-09

Кимё саноати замонавий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири бўлиб, мамлакатнинг индустриал салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли, бугунги кунда соҳа корхоналарида амалга оширилаётган технологик янгиланишлар, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳамда халқаро компаниялар билан ҳамкорликдаги йирик лойиҳалар кимё саноатининг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров ва Хитой Халқ Республикасининг “Sinoma Energy Conservation” компанияси бошқаруви раиси Мен Синлин ўртасида ўтказилган учрашувда ана шундай ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Унда қайд этилганидек, “Sinoma Energy Conservation” компанияси дунёдаги йирик қайта тикланувчи энергия ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ихтисослашган компаниялардан бири ҳисобланади. Компания Ўзбекистонда ҳам бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Навоий вилояти Кармана туманида барпо этилган 300 МВт қувватли қуёш станцияси ҳам томонлар ҳамкорлиги натижасидир. Шунингдек, кимё саноати корхоналарида эски насос станцияларини замонавий, юқори энергия самарадорлигига эга янги насос агрегатлари билан босқичма-босқич алмаштириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.

Жорий йилда “Навоийазот” АЖда насос агрегатларини ўрнатишнинг биринчи босқичи доирасида йил якунига қадар 6 та насосни тўлиқ алмаштириш ва натижада 11 миллион киловатт соат электр энергиясини тежаш режалаштирилган.

Мулоқот давомида томонлар “Максам-Чирчиқ” АЖда энергиятежамкор технологияларни жорий этиш, шунингдек, “Навоийазот” АЖда аммиакли селитра ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва экологик хавфсиз, замонавий технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Учрашув якунига кўра, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Sinoma Energy Conservation” ўртасида энергия самарадорлигини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ҳамда кимё саноатига замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган 4 та келишув имзоланди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА