Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик ривожланмоқда
19:21 / 2022-08-18

Жорий йилнинг 18 август куни Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро қўмитасининг 6-мажлиси видеоконференц-алоқа шаклида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, ХКП МҚ сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби Го Шэнкунь раислигида ўтган мажлисда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур мажлис бўлажак Олий даражадаги музокаралар кун тартибини мазмунан бойитишга хизмат қилиши кераклиги қайд этилди.

Тобора юқори суръат билан ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли ва дўстона муносабатлар муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

[gallery-8382]

Учрашувда савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, илмий-техник, хавфсизлик, маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, Хитой мамлакатимизнинг етакчи ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2021 йил якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 8 миллиард долларни ташкил этди. Қисқа муддатларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш кутилмоқда.

Йиғилишда шунингдек, стратегик минтақавий лойиҳалар –“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишини амалга оширишни бошлаш тўғрисидаги уч томонлама битим лойиҳасини имзолашни тезлаштириш, “Тошкент – Пекин – Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам авиа-қатновларни паритет асосда тиклаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси 6-мажлисининг баённомаси ҳамда умумий қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган ҳужжатлар имзоланди.

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА.