English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги: натижа ва истикболлар
17:05 / 2021-04-06

Ўзбекистонда янги ислоҳотларнинг бошланиши билан Республика ташқи сиёсий фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда.

Жумладан, барча хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширилмоқда.

Хусусан, дунёда иқтисодиёти бўйича иккинчи ўринни ҳамда аҳолиси (1.4 млрд.киши) бўйича биринчи ўринни эгаллаган давлат-­Хитой Халқ Республикаси билан сиёсий, иқтисодий, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб, янада кенгайиб бормоқда.

Икки томонлама ҳамкорлик муносабатларнинг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, ҳар томонлама стратегик характерга эга. Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар ҳамкорликнинг асосини ташкил этади.

Икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ишонч тамойиллраига асосланган доимий мулоқати анъанага айланган. 2020 йил майда бўлиб ўтган телефон орқали суҳбат чоғида Президентимиз Ш.Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Сзинпин икки томонлама ҳамкорлик ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, CoVid-19 пандемияcига қарши курашнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Бундан илгари, 2017 йил 11-13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистонга жўғрофий жиҳатдан яқин бўлган йирик давлат-Хитойга давлат ташрифи билан борди. Ушбу ташриф чиғида энергетика, нефтни қайта ишлаш, электростанцияларни замонавийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, транспорт коммуникациялари ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати 23 млрд $ бўлган 105 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Орадан икки йил ўтиб, 2019 йил 24-27 апрелда Президентимиз “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Хитойда бўлди. Мазкур Форум бугунги кунда Осиё, Европа ва Африканинг 4,4 млрд аҳолиси бўлган 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштиради. Форумда Президентимиз нутқ сўзлаб, мазкур анжуманнинг аҳамияти, уни такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари, Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, маданий-гуманитар ва туристик алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни билдирди.

Хусусан, Ш.Мирзиёев “Биз табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган минтақамизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутамиз. Иккинчи муҳим масала – Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқишдан иборатдир”- деб таъкидлади.

ХХР Раиси Си Цзиньпин таъкидлаганидек, президент Шавкат Мирзиёевни "Бир макон, бир йўл" (БМБЙ) ташаббусининг асосчиларидан бири деб айтиш мумкин. Ўзбекистоннинг мазкур форумдаги иштирокига юксак баҳо берилганлиги икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражада эканлигини кўрсатади.

Марказий Осиёнинг транспорт салоҳиятидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш ва "Хитой - Марказий Осиё - Ғарбий Осиё" иқтисодий йўлагининг очилишидан Ўзбекистон манфаатдор. Хусусан, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида "Ўзбекистон - Қирғизистон - Хитой" темир йўлининг қурилиши мазкур лойиҳа иштирокчиларига ўзаро савдони янада фаоллаштириш, янги иш жойларини ташкил қилиш, туристларни жалб қилиш ва транзитдан даромад олиш кабилар билан сезиларли даражада наф келтиришига шубҳа йўқ.

Қайта тикланаётган “Буюк ипак йўли” лойиҳаси ҳар бир иштиркочи-давлатга ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

"Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасидаги илмий-техникавий ҳамкорликни жадаллаштириш мамлакатларимизда қўшма технопарклар, илмий-инвестициявий кластерлар, венчур компанияларини ташкил этиш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратади.

Ҳозирги кунда Хитой БМБЙ доирасида илм-фан, технология ва инновация соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳаракат режасини амалга ошириб келмоқда. Ҳамкорлар билан биргаликда 4 та йирик ташаббус: илмий-техникавий ва гуманитар алмашинув, қўшма лабораториялар яратиш, технопарклар ташкил этиш ва технологиялар трансфери соҳасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Шу билан бирга, белгиланган вазифаларни бажариш учун инсон капитали ўсишини таъминлаш, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бунда тажриба алмашиш, технологик жиҳатдан замонавий ишлаб чиқаришларда профессионал малака оширишни ташкил этиш орқали етук кадрларни тайёрлашнинг илғор усулларидан фойдаланиш талаб этилади.

Ўзаро сайёҳлар алмашинувининг ривожланишини таъминлаш ва туризм соҳасида реал натижаларга эришиш учун Президент Шавкат Мирзиёев БМБЙ форумида Самарқандда Халқаро Ипак Йўли туризм ассоциациясини ташкил этишни ва ҳар йили "Бир макон, бир йўл" сайёҳлик форумларини ўтказишни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбек-­Хитой ҳукуматлараро қўшма комиссияси мажлислари доимий фаолият кўрсатиб турибди. Ушбу комиссия доирасида илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳам комиссия мавжуд. Савдо-иқтисодий битимга кўра, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган бўлиб, ҳозирги кунда Хитой мамлакатимизнинг иккинчи йирик савдо шеригига айланди. Хусусан, 2019 йил якунларига кўра икки томонлама товар айирбошлаш $7,62 млрд. етган бўлса, 2020 йилнинг биринчи ярмида CoVid-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарамасдан ушбу кўрсаткич $3,45 млрд.ни ташкил этди.

Икки томонлама сармоявий шериклик (2010 йил имзоланган) Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ҳукуматлари ўртасида нохомашё ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистон ва Хитой турли лойиҳалар, авваламбор, юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Шу жумладан Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги фаолият юритган корхоналар сони сўнги уч йилда 581 га кўпайиб, ҳозирги кунда 1702 тага етди. (шундан 116 таси тўлиқ Хитой сармояси асосида ташкил этилган). Бу эса, хитойлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишининг ортиб бораётганидан дарак беради. Мамлакатимизда Хитойнинг 73 компанияси ваколатхоналари ишлаб турибди.

Хитойлик бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат гигантлари, жумладан, Деҳқонобод калийли ўғитлар ҳамда Қўнғирот сода заводлари қурилишида иштирок этди. Улар кўмагида Ўзбекистонда электр техникаси маҳсулотлари, мобиль телефонлар, қурилиш техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Huawei” компанияси томонидан Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларнинг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 та лойиҳа амалга оширилди. ZTE корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган модем, смартфон ҳамда бошқа ускуналар маҳаллий ва хорижий бозорларда харидоргир бўлмоқда.

Хитой компанияларидан бир нечтаси республикамиз ҳудудида углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Ҳозирги вақтда Туркманистон-­Ўзбекистон-­Қозоғистон­-ХХР магистрал газ қувурлари ишга тушди. Марказий Осиё­-Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакатимиз орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳудудининг 60 фоизи нефть ва табиий газ қидируви учун қулай ва истиқболли ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон дунёнинг ўнта йирик газ қазиб чиқарувчи мамлакатлари қаторида туради.

Бундан ташқари Ўзбекистон-Хитой юқори технологиялар саноат парки “Жиззах” махсус индустриал зонаси сифатида ташкил этилиб, унинг ҳудудида қиймати 100 млн. доллардан ортиқ лойиҳалар иккитомонлама имзоланган 21 та битимга мувофиқ амалга оширилди. Ушбу индустриал зонада мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Хитойнинг “Поли Текноложи” компанияси билан ҳамкорликда Ангренда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Молиявий соҳадаги ҳамкорлик борасида Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан алоқалар фаол ривожланиб бормоқда. Мазкур банклар йўналиши бўйича молиявий-техникавий алмашувлар иқтисодий алоқаларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ҳозирги пайтгача Ўзбекистонга мазкур молиявий муассасаларнинг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш орқали, жамиятимизнинг соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган лойиҳалар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг жўғрофий афзалликлари боис ХХР билан транспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Хитойдан Европа давлатларига маҳсулотларни ташиш Навоий аэропортида фаолият кўрсатаётган Халқаро интермодал хаб орқали амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватламоқда. Стратегик жиҳатдан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим бўлган “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган 19,2 км. масофадаги темирйўл тоннели лойиҳаси Хитой фирмалари томонидан 2016 йил охирида қуриб битирилди ва фойдаланишга топширилди.

Хитойнинг юртимиздаги элчиси Цзян Янь таъкидлаганидек, “Мамлакатларимиз етакчилари эришган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда хитой ва ўзбек томони кейинги йиллар ичида “Бир макон, бир йўл”ни қуриш бўйича амалий ҳамкорлик йўналишида муҳим натижаларни қўлга киритди. Хитой — Марказий Осиё газ тармоғи, Ангрен — Поп темир йўл туннели, “Пенг-Шенг” саноат парки, Ангрен ИЭС каби йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди ҳамда бу ҳар икки мамлакат халқи ва иқтисодиётига сезиларли фойда келтирди. Айни вақтда Ангрен шина заводи, Навоий вилоятида поливинилхлорид ишлаб чиқарувчи мажмуа, Шарғун кўмир кони ҳамда бошқа иншоотлар қурилаяпти. 2017 йил охирида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўналишида автомобиль йўли очилиши туфайли юк ташиш учун кетадиган вақт анча қисқарди”.

Дарҳақиқат, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил майда Хитойга қилган давлат ташрифи чиғида илгари сурган ташаббусига асосан "Қашғар-Иркештом-Ўш-Андижон-Тошкент" автойўли қурилди ва 2018 йил 25 февралда тўлиқ фойдаланишга топширилди. Ушбу йўл Марказий Осиёнинг автоташувчиларига тўғридан-тўғри Хитойга чиқиш (жами масофа 920 км.), йўл харажатлари ва сарфланадиган вақтни 8-10 кундан 2 кунга қисқартириш имконини бермоқда.

ХХР, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон аъзо-давлатлари ҳисобланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) халқаро ташкилот сифатида нуфузи тобора ошиб бораётганлиги боис дунёнинг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Афғонистон, Белорусь, Эрон каби давлатлар ШҲТ саммитларида кузатувчи сифатида иштирок этиб келмоқда.

ШҲТ доирасида молиявий ҳамда ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида иккита муҳим орган таъсис этилган. Биринчиси, ташкилот ҳудудида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ва банк хизмати механизмини яратиш мақсадида ташкил топган Банклараро бирлашмадир. Ушбу бирлашма инфраструктура қурилиши ҳамда юқори технологиялар соҳасидаги дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши учун маблағларни йўналтиргани ҳолда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида “молиявий кўприк” вазифасини ўтайди. Иккинчиси, 2006 йил июнда таъсис этилган Ишбилармонлар кенгаши тузилмага аъзо давлатлар бизнес уюшмаларининг нуфузли вакилларини бирлаштирди.

Ўзбекистон­-ХХР муносабатларининг янги босқичга кўтарилишига нафақат савдо, коммуникация, балки туризм соҳаси ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг қадимий тарихий маданиятига оид ёдгорликлари ҳамиша чет эллик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Ўзбек-­Хитой муносабатларида туризм соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратиб, 2010 йилдан буён Ўзбекистон Республикасига Хитой фуқароларининг гуруҳ-гуруҳ бўлиб саёҳат қиладиган туристик мамлакат мақоми берилган.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга. Мамлакатимизда 7,4 мингдан зиёд маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, республикада 11 та миллий табиий парклар ва давлат қўриқхоналари, 12 та қўриқхона, 106 та музей ва сайёҳларни жалб қилиши мумкин бўлган бошқа туристик объектлар мавжуд.

БМБЙ мамлакатлари билан сайёҳлик соҳасида фаол ҳамкорлик Ўзбекистон учун катта имконият эшикларини очади. “Бир макон, бир йўл”нинг 60 мамлакати энг йирик ташқи турист “етказиб берувчилари”дир. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёдаги сайёҳлар томонидан сарфланган пулларнинг 20 фоизидан кўпроғи Хитой улушига тўғри келади. Улар 2017 йилда туризмга 250,6 млд доллар сарфлаган. Экспертларнинг қайд этишича, 2021 йилда жаҳон бўйлаб Хитойлик сайёҳларнинг умумий сони 200 миллионга, уларнинг харажатлари 429 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг БМБЙ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириши ва мавжуд салоҳиятлардан самарали фойдаланиши улкан савдо-иқтисодий натижаларга олиб келишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон президенти томонидан билдирилган транспорт, инновация ва таълим соҳаларидаги аниқ ташаббуслар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янги даражага олиб чиқади ва БМБЙ доирасида барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга тўсиқ бўлиб турган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликка йўналтиради.

Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда (2005й.) ва кейинчалик Самарқанд шаҳрида (2013й.) очилган Конфуций институтларида талабалар, савдогарлар ва илмий ходимлар хитой тили ва маданияти бўйича таълим олишмоқда. Бугунги кунда мазкур ўқув курсларини жами 3,5 мингдан ортиқ киши битирди.

Хитойнинг қатор шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиги ўтказилганини самарали маданий ҳамкорлик мисоли сифатида баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, Хитойнинг кўпгина йирик мегаполислари ­ Пекин, Шанхай ва бошқа шаҳарларида таниқли ўзбек рассомларининг халқимиз замонавий ҳаёти ҳамда тараққиётининг турли қирралари тасвирланган ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Хитойлик санъаткорлар ҳар икки йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Мамлакатимизда ўзаро маданий мулоқотни мустаҳкамлашга мўлжалланган кино кунлари, бадиий кўргазмалар, фестиваллар ўтказилмоқда.

Икки томонлама келишувга мувофиқ ва ШҲТ доирасида ХХР ҳукумати 2018-2019 ўқув йилида ўзбекистонлик 120 талаба ва стажёрга грант ажратди.

Икки томонлама маданий муносабатларни мустаҳкамлашда 1998 йилда ташкил қилинган “Ўзбекистон – Хитой” ва 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

2017 йил 13 мартда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Шанхай университетида буюк мутафаккир ва шоир бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ҳайкали очилди.

Хитой Марказий миллатлар университетида, Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилмоқда. Хитойнинг нуфузли ўқув муассасаларидан бири ҳисобланган Шанхай Халқаро тадқиқотлар академиясида Ўзбек тили кафедраси фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилнинг сентябридан ушбу олий ўқув юртида ўзбек тили факультатив дарс сифатида ўқитилмоқда. Бундан ташқари, Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ халқ дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида “Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази” очилган ва унинг мутахассислари Ўзбекистонда рўй бераётган замонавий жараёнларни кузатиб бормоқдалар.

Хитой қадимги маданий ёдгорликлари ишлари бўйича давлат бошқармаси, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хитой Шимоли-Ғарбий университети вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан археологик тадқиқотлар ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқдалар. Улар Буюк ипак йўлининг тарихий кўринишини қайта тиклаш борасида изланишлар олиб бормоқдалар. Хитойлик машҳур ёзувчи Лаошэнинг ўзбек тилига ўгирилган “Мушуклар шаҳри хотиралари” асари ўзбек китобхонларида катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ХХР билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятида Хитой билан бўлган муносабатлар долзарблигича қолмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ХХР билан ташқи савдо, транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорликлар жадал суъатлар билан ривожланмоқда. Хитойнинг Ўзбекистонга нисбатан бўлган ташқи сиёсатида ўзаро манфаатли ва кўпқиррали муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хитой­-Ўзбекистон алоқаларининг янада мустаҳкамланиши мамлакатимизнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан бўлган муносабатларини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетгандан сўнг Марказий Осиёда хавфсизлик тизими мавжуд эмас эди. Шундай бир пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг вужудга келиши ва халқаро ташкилот сифатида самарали фаолият кўрсатаётганлиги сабабли, айтиш жоизки, минтақамизда хавфсизлик тизими шаклланмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот доирасида олиб бораётган дипломатиясининг натижалари самарали бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2003-­2004, 2009­-2010 ва 2015­-2016 йилларда ШҲТга раислик вазифасини муваффақиятли адо этди.

ШҲТ фаолиятда иштирок этиш орқали Ўзбекистон учун Хитойдан замонавий, юқори сифатли техника ва технологияларни сотиб олиш ҳамда Осиё­-Тинч океан минтақасидаги халқаро молиявий ташкилотларнинг сармояларини жалб қилиш имкониятлари кенгаймоқда.

ШҲТнинг кузатувчи мамлакатларининг мавжуд имкониятлари ва бозорларини ўзаро манфаатли ҳамкорликка жалб этиш нафақат барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга, балки аъзо давлатларнинг халқаро иқтисодий муносабатлар тизимига интеграциялашувига, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳамда ШҲТнинг жаҳондаги обрў-эътиборининг ошишига ҳам кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой узоқ тарихга, ноёб маданият ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятга эга. Бу давлатлараро гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, ўзаро маданий алоқаларни янада ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Хуллас, Ўзбекистон­-Хитой алоқаларининг ҳозирги ҳолати давлатларимизнинг бир-бирлари билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканликларидан далолат беради. Бу эса, икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига ва ҳозирги замон талабларига тўла мос келади. Икки мамлакат ўртасидаги мулоқотлар, алоқалар изчил ривожланиб бориши истиқболда янада самарали натижаларга эришиш имконини беради.

Учқун Дўстов,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Сиёсатшунослик кафедраси катта ўқитувчиси, с.ф.н.