Аввал хабар қилинганидек, Президентимизнинг Хитой давлатига давлат ташрифи доирасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти масъуллари ушбу мамлакат ишбилармонлари билан қатор учрашувлар ўтказмоқда.
Кеча, 23 январи куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация вакиллари ва Хитойнинг бир қатор ҳамкор молиявий муассасалари ҳамда йирик энергетик компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда ўзбек делегацияси ва Хитойнинг “Dong Fang”, “SMEK”, “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.”, “Bank of China Limited” компаниялари раҳбарияти иштирок этди.
Музокаралар чоғида томонлар гидроэнергетика соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Хусусан, унда “Сурхондарё вилояти “Тўполанг” дарёсида “Зарчоб-3" ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида 16 МВт қувватга тенг “Зарчоб-3" ГЭС қурилиши билан боғлиқ молиявий-иқтисодий масалалар, кредит келишуви, Хитойдан зарурий асбоб-ускуналар ҳамда технологик қурилмаларни етказиб бериш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Айни пайтда делегациянинг хизмат сафари доирасида белгиланган ҳамкорлик учрашувлари давом этмоқда.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА