French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Хитой: ГЭСларни модернизация қилиш бўйича халқаро келишув имзоланди
17:23 / 2026-02-05

Энергетика тизимини модернизация қилиш, айниқса, гидроэнергетика тармоғини ривожлантириш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва экологик тоза энергия манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда мавжуд гидроэлектр станцияларни янгилаш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган йирик лойиҳалар изчил амалга ошириляпти. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба ва инвестицияларни жалб этиш устувор йўналишлардан бирига айланмоқда.

Ана шундай ишлар доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖда гидроэнергетика соҳасида муҳим қадам сифатида ГЭСларни модернизация қилиш бўйича янги келишувларга эришилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитойнинг “Sinohydro Co., Ltd.” Компанияси ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартномалар имзоланди.

Ўтказилган очиқ ва шаффоф тендер жараёнлари якунларига кўра, белгиланган барча техник ҳамда сифат мезонларига тўлиқ жавоб берган, соҳада бой тажрибага эга бўлган Хитойнинг “Sinohydro Co., Ltd.”  Компанияси тендер ғолиби сифатида эътироф этилди.

Ушбу келишувга асосан Андижон вилоятидаги Шаҳрихон ГЭСлар каскади - ГЭС-5А ва ГЭС-6Ани модернизация қилиш лойиҳаси EPC шартлари  асосида амалга оширилади. Лойиҳа тайёр ҳолда топшириш тамойили асосида татбиқ этилади. Яъни, лойиҳа доирасида лойиҳалаштириш ишлари, қурилиш, технологик ускуналар ва жиҳозларни етказиб бериш ҳамда объектларни ишга тушириш ишлари тўлиқ амалга оширилади.

Жамият ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳулкар Жўраеванинг сўзларига кўра, бу ишлар ГЭСлар ишлаб чиқариш қувватини ва умумий самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, технология ва бошқарув тизимларини замонавийлаштириш ҳамда энергетика объектларининг барқарорлигини таъминлаш имконини яратади.

–Жумладан, ушбу гидроэлектр станциялар модернизация қилиниши натижасида амалдаги умумий 7,6 МВт қувват 16,4 МВтга етказилиб, қўшимча 7,8 МВт қувват яратилади ва йилига қўшимча 33 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига эришилади. Натижада йилига 13 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланиб, 11 миллион метр куб табиий газ ва 27,5 минг тоннадан ортиқ кўмир тежалади. Мазкур лойиҳа икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон гидроэнергетика тизимида инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий халқаро стандартларни татбиқ этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ГЭСларни модернизация қилиш орқали минтақавий энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, экологик тоза энергия ишлаб чиқариш ва барқарор энергия таъминотини таъминлаш имкониятлари кенгаяди, –дея таъкидлади Ҳ. Жўраева.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА