Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой. Экспортда ҳам, импортда ҳам яққол ўсиш
18:12 / 2023-12-15

Хитой Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги. Ҳар икки мамлакат ўзаро савдо ва инвестиция соҳасида жуда фаол. Хусусан, “Ипак йўли иқтисодий макони”, “Бир макон, бир йўл” сингари йирик лойиҳалар доирасида темир йўл, энергетика, инфратузилма объектлари қурилиши бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой бизнес форуми айни шу жараённинг мантиқий давоми.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда маҳаллий ва хитойлик ишбилармон доира вакиллари логистика, озиқ-овқат ва ичимлик, қишлоқ хўжалиги йўналишларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мазкур уюшма экспорт фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди, маҳаллий экспортчилар учун ишончли ёрдамчи сифатида халқаро савдо алоқалари кўламини кенгайтириш, бизнесни тизимлаштириш учун қўшимча имконият яратишда муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистоннинг ХХР билан ҳам экспортида, ҳам импортида ўсиш кузатилган. Ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 2017 йил 4,8 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил охирига келиб 8,9 миллиард долларга етган. Экспорт 23,4 фоиз, импорт эса 134,7 фоиз ўсган. Ўтган йил республикамиз Хитойга, асосан, минерал ёнилғи, хизмат, саноат ва кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатган. Ушбу давлат бизга кўпроқ машина ва асбоб-ускуна, саноат, кимё моллари, турли тайёр маҳсулот ва хизмат тақдим этган.

– Турли йўналишда фаолият юритаётган мутахассисларни бирлаштирган мазкур учрашув Хитой билан келгуси савдо ташаббуслари учун замин яратади, – дейди Ўзбекистон бизнес ва саноат кенгаши раиси ўринбосари Бобур Расулов. – Маълумки, маҳаллий экспортчиларимизнинг Хитой бозорига қимматбаҳо металл, органик кимёвий бирикмалар, шунингдек мева ва ёнғоқ етказиб бериш имконияти жуда кенг.

Дарҳақиқат, ишлаб чиқариш ва хорижга юбориш бўйича юртимизда улкан салоҳият мавжуд бўлган бундай маҳсулотларга Хитойда талаб мунтазам ўсиб боряпти: 2021 йил импорт кесимида қимматбаҳо метал 77,4 миллиард долларни, органик кимёвий бирикмалар 60,2 миллиард долларни, мева ва ёнғоқ 16,0 миллиард долларни ташкил этган.

Форум доирасида ташкил этилган B2B учрашуви маҳаллий тадбиркор ва экспортчилар учун фойдали алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳолати ва истиқболини ўрганиш учун ажойиб имконият яратди. Шу билан бирга очиқ мулоқот қилиш, ғоя алмашиш ва янги бизнес ташаббусларини илгари суриш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.

Ишбилармонлар саноат етакчилари билан суҳбатлашиш, мавжуд инвестиция имкониятларини кашф қилиш ва иқтисодий тараққиётга етаклайдиган стратегик иттифоқ тузиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Гўзал Сатторова, ЎзА