Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой: дўстона ҳамкорликнинг 30 йили
19:57 / 2022-06-29

Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий марказида 29 июнь куни “Ўзбекистон – Хитой: дўстона ҳамкорликнинг 30 йили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган анжуманда Хитойнинг Пекин, Шанхай ва Сиандаги Марказий Осиёни ўрганишга ихтисослашган нуфузли таҳлилий марказлари мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Фарҳод Арзиев ва ХХРнинг юртимиздаги элчиси Цзян Ян иштирокчиларга табрик йўллади. Юқори даражадаги тадбир Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази томонидан Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти билан ҳамкорликда ўтказилгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида икки томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, анжуман доирасида Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ривожи, таҳдид ва хавфларга биргаликда қарши курашиш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг муҳим ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий шериги ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён кўп қиррали стратегик ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

[gallery-7791]

Тадбир иштирокчилари Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш, иқтисодий прагматизмга асосланган фаол ва очиқ ташқи сиёсат юритиш бўйича ислоҳотлар дастури Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилганини таъкидлади.

Ўтган беш йилда Хитой билан икки томонлама савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар алоқа сезиларли даражада кенгайди, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик фаол ривожланяпти.

Марказий Осиёни Хитой ва Европа билан боғлай оладиган йирик транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши минтақанинг ўзаро боғлиқлигини яхшилаш, “Хитой – Марказий Осиё – Европа” янги транспорт йўлагини яратиш ва Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё иқтисодий йўлагини ривожлантириш учун улкан аҳамиятга эга бўлади.

Экспертлар Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигини юқори баҳолади. Тузилманинг Самарқандда бўлажак саммити қарорлари кўп томонлама амалий ҳамкорлик механизмини фаоллаштириш имконини беришига ва Шанхай ташкилотининг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Анжуман якуни бўйича Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Б.Худойбердиев, О.Ғуломов (сурат), ЎзА